Шахмат олимпиадаси. Нодирбек Абдусатторов 10-турда мезбонларнинг енгилмас шахматчисини мағлубиятга учратди!

Хабарингиз бор, айни кунларда Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳри Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига мезбонлик қилмоқда. Бугун ушбу мусобақанинг 10-тур баҳслари бўлиб ўтди.

Биз учун аҳамиятлиси, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ушбу турда Ҳиндистон-2 га қарши баҳс олиб борди ва 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этди. Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ўз партияларини дуранг натижа билан якунлади. Жавоҳир Синдоров мағлубиятга учраган бўлса, Нодирбек Абдусатторов кучли рақиб устидан ғалаба қозонди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Нодирбек Абдусатторов камбэк эвазига якунда ғалабани қўлга киритди. Унинг рақиби Гукеш мазкур мусобақа доирасида бунга қадар 8 та ўйинни ғалаба билан якунлаган ва битта дуранг қайд этганди.

Мазкур натижадан кейин Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 17 очко билан умумий рейтингда пешқадамлар қаторида бормоқда. 9 август куни сўнгги тур баҳслари бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг бу турдаги рақиби кейинроқ маълум бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!