Ads

Хабарингиз бор бундан бироз аввал “Дўстлик” стадионида Про-лига плей-оффидан ўрин олган дастлабки баҳс бўлиб ўтди. Унда “А” ва “Б” гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган “Машъал” ва “Шердор” ўзаро куч синашди. Қизиқарли кечган учрашувда тажриба ўз сўзини айтди ва муборакликлар йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ўйиндан сўнг самарқандликлар катта мураббийи Бахтиёр Сатторов SPORTS.uz муҳбирига ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бугунги баҳсда рақибимизнинг бизга нисбатан анча тажрибали экани яққол билинди. Умуман олганда мавсум бошида олдимизга Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бироқ, бу вазифани қай даражада уддалай олдик буни бугунги баҳс кўрсатиб қўйди. Бир сўз билан айтганда вазифа бажарилмади. Агар биз ушбу ўйинда ҳам ғалаба қозониб, кейинги босқичда ҳам зафар қучганимизда вазифани бажардик дейишимиз мумкин эди.

Энди йўл қўйган камчиликларимиз устида астойдил ишлаб, келаси мавсумга бунданда жиддий тайёргарлик кўрамиз.

Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, кубок 1/8 финал босқичига қадар етиб боришимиз ва у ерда амалдаги чемпион билан баҳс юритишимиз жамоадаги футболчиларга катта тажриба бўлиб хизмат қилди. Чунки, сафимиздаги аксарият футболчилар ўзимизнинг самарқандлик маҳаллий ёшлар. Бундай катта жамоаларга қарши ўйинлар эса уларнинг келажакдаги фаолияти учун муҳим омил бўлади”, - дейди Бахтиёр Сатторов.