Шерзод Темиров: "Бизда режалар ўзгариши мумкин, мақсадлар ўзгармайди"
ЖЧ-2026 саралаш баҳслари давом этмоқда. 21 март куни миллий терма жамоамиз сафарда Гонконг устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди 26 март куни Тошкентда ушбу жамоалар яна бир бор тўқнаш келишади.
Гонконг чемпионатида тўп сураётган ягона ҳамюртимиз Шерзод Темиров 21 март кунги терма жамоамиз иштирокидаги баҳсни бевосита стадионда кузатди. Футболчи бу борада Sports.uz сайтига интервью берди.
- Шерзодбек, Гонконг-Ўзбекистон ўйинини стадионда кузатдингиз ва сизда қандай таассурот қолдирди? Айнан қандай натижа кутгандингиз?
- Авваламбор, барчани муборак Рамазон ойи билан табриклайман. Ўйин жуда яхши ўтди. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди. Футболчиларимизга майдон сифати бироз халақит қилди. Лекин иккинчи бўлимда вазиятлардан тўғри фойдаланиб ғалабани қўлга киритишди. Ҳозирда терма жамоамизда жуда яхши ўйин шаклланган. Ҳар қандай терма жамоага қарши бош оғриғи бўла оламиз, деб ўйлайман. Терма жамоамизга омад тилайман.
- Гонконгда бу учрашувга қандай муносабатда бўлишди?
- Гонконг терма жамоаси биз сингари яқин 4 кун ичида тўлиқ таркиб билан машғулотларни бошлаганди. Ҳар қандай терма жамоа саралашда яхши тайёргарлик кўради. Улар ҳам барча сингари тайёргарлик олиб боришган. Стадион ўзгартирилгани яхши бўлмади. Яхши майдонда тўп суриш анча қулай бўларди, деб ўйлайман.
- Терма жамоамиз аъзолари билан учрашиш имкони бўлдими?
- Ҳаммаси билан учрашиб, ғалаба билан табрикладим. Футболчи ва мураббийларимиз, ким бўлишимиздан қатъий назар Ватан битта – бу Ўзбекистон!
- Гонконг чемпионатидаги фаолиятингиз қандай давом этмоқда? Барчаси сиз ўйлагандекми?
- Чемпионат ўйинларига келадиган бўлсак, бизда ҳаммаси режадагидек кетмоқда. Мақсад сари интиляпмиз. Худо хоҳласа, жамоага анча мослашиб олганман. Янги клубда барчасига вақт, меҳнат ва сабр талаб қилинади. Бизда режалар ўзгариши мумкин, мақсадлар ўзгармайди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар