Шоҳжаҳон Эргашев: Катта синов остонасида турибман!

  • 8 сентябрь, 2020, 14:10
  • 0
  • Бокс

Енгилмас профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев sports.uz интернет портали билан боғланиб, 9 сентябрь куни шогирди Достон Бозоров ММА бўйича тўртинчи жангини ўтказишини маълум қилди.

- Достон асли эркин кураш билан шуғулланган. Саккиз ой муқаддам Москвага ўзим билан олиб келган эдим. Шу ерда менга қарашли "Shohjahon_gym" клубида аралаш жанг санъатлари билан жиддий шуғуллана бошлади. Мен унга боксчиларга хос кучли зарба йўллаш усулларини ҳам ўргатдим. Унинг ҳам зарбаси кучли ва курашда ҳам анча маҳоратли спортчи.

IMG_0269

9 сентябрь куни Москвадаги Ирина Винер-Усмонова гимнастика саройида машҳур яккакураш устаси Ҳабибнинг отаси - марҳум Абдуманап Нурмагомедовнинг хотирасига бағишланган катта турнир ташкил этилади. Ушбу анжуман доирасида бўладиган ММА беллашувларида  профессионал жанг усталари октагонга кўтарилади.

Тўғриси, бу жанг нафақат Достонга, балки устоз сифатида аввало ўзимга ва клубимизга катта синов бўлиб хизмат қилади. Шундай бўлса-да, мен шогирдимга ишонаман. Уни биз эркалаб, “Самурай” деб чақирамиз. Ўзи ҳам самурайлардек чидамли, чаққон ва тезкор. Ақл билан жанг қилишни яхши кўради, - деди Шоҳжаҳон Эргашев.

photo_2020-09-08_12-38-38

Достон Бозоров шу кунга қадар аралаш жанг санъатлари бўйича учта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида зафар қучган. Унинг навбатдаги рақиби россиялик Гела Беридзе бўлади. Бу спортчи ҳисобида биттадан ғалаба ва мағлубият бор.

Бозоров ва Беридзе ўртасидаги жанг ярим ўрта вазнда ташкил этилмоқда.

Ўз навбатида Шоҳжаҳон Эргашевнинг ўзи ҳам профессионал бокс бўйича навбатдаги жангига тайёргарлик кўряпти. Маълумотларга қараганда, у 21 сентябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этиладиган “Нокаут Қироллари” супер турнирида рингга кўтарилади. Ҳозирча, ҳамюртимизга ким рақиблик қилиши маълум эмас. Шоҳжаҳоннинг ўзи рақиб кимлигининг аҳамияти йўқлиги, ҳар бир жангга масъулият билан пухта тайёргарлик кўришга одатлангани ва фақат ғалаба учун рингга чиқишини маълум қилди.

Screen-Shot-2020-01-18-at-11.24.25-AM

Шоҳжаҳон Эргашев фаолияти давомида 18 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган ва 16 та учрашувда рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган. Ўзбек боксчиси ўз вазн тоифасида енгилмас ҳисобланган Майкл Фокс (19-0), Сонни Фредриксон (18-0) каби таниқли боксчилар устидан ҳам ишончли ғалабага эришган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!