Шоҳжаҳон Эргашев "S-Jam" компанияси билан шартнома имзолади
Профессионал боксда мағлубиятсиз одимини давом эттираётган Шоҳжаҳон Эргашев “S-Jam” эдвайзорлик компанияси билан шартнома тузди. Мазкур ташкилот промоутерлик компаниясидан фарқли равишда боксчиларга ўзига хос маслаҳатлар беради ва келажакдаги жангларини муҳокама қилиб, биргаликда қарорлар қабул қилади. Бир сўз билан айтганда, спортчининг фаолиятига ижобий тарафлама катта таъсир кўрсатадиган компаниядир.
Ушбу компания асосчиларидан бири Адам Морале юртдошимиз билан ҳамкорлик қилишдан хурсанд эканлигини таъкидлаб ўтган.
“Шоҳжаҳон Эргашев 18-0, 16 нокаут қайд этган талантли боксчидир. Қолаверса, юқори рейтингли ва менежери Олег Богданов билан биргаликда ажойиб иш олиб бормоқда. Биз унинг салоҳиятини тўла очишда ёрдам берамиз ва у билан ишлашдан хурсандмиз”, - деди Морале.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ушбу компания билан анчагина машҳур Жо Жойс, Леррон Ричардс каби боксчилар ҳам ҳамкорлик қилади.
Фикрлар