
Шомуродов билан ўйнаган дарвозабон Ҳусановнинг ёнига бориши кутиляпти
Машҳур мураббий Клаудио Раньери қўл остида ўйини ижобий томонга ўзгарган футболчилар орасида “Рома” посбони Миле Свилар ҳам бор.
“Рома”га Жозе Моуриньо даврида олиб келинган сербиялик дарвозабон энди жамоанинг асосий қўрғонига айланди. 25 ёшли голкипернинг маҳорати Европанинг бир неча гранд клублари эътиборини ўзига торта бошлади.
Англия Премьер-лигаси вакилларидан “Манчестер Сити” 31 ёшли Эдерсон ўрнига анчадан бери юқори савияли дарвозабон қидирмоқда. Ҳусанов жамоаси ҳам Элдор билан ўйнаётган Свиларни ёзда ўз таркибига қўшиб олишни режалаштирмоқда.
Бунинг учун “шаҳарликлар” бир неча клуб рақобатини енгиши керак. Хусусан, “Челси” бош мураббийи Энцо Мареска ҳам қўл остидаги посбонларнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилгани йўқ ва у ҳам Свиларни кўз остига олиб қўйган.
Свиларнинг “Рома” билан шартномаси 2027 йилнинг ёзигача давом этиши белгиланган. Римликлар Миле билан ҳамкорликни узайтириш борасида музокара олиб бормоқда, бироқ дарвозабон талаб қилаётган тўрт миллион евро миқдоридаги маош клуб бюджети ва маошлар фонди сиёсатига тўғри келмаяпти.
Фикрлар