Шомуродов бош мураббий фикрини ўзгартириб юборди!
А Серияда охирги ўринга тушиб қолган “Женоа”га Давиде Баллардини янги бош мураббий этиб тайинланганидан кейин, жамоа бошқарувига тўртинчи маротаба келган мутахассис ишни таркибни ўзгартиришдан бошлади. У Роландо Маран даврида жамоанинг энг фаол ўйинчиси бўлиб турган Элдор Шомуродовни бошланғич таркибдан олиб ташлаб, унинг ўрнига қадрдон шогирди Горан Пандевни ўйнатди.
37 ёшли футболчи янги йилдан кейинги илк учрашувни ўтказиб юбориши аниқ бўлса-да, Баллардини ўзбек ҳужумчисини бошланғич таркибга қайтаришга шошилмади. “Лацио”га қарши ўйинда ҳужумга Маттиа Дестро билан Марко Пьяццани ташлади. Хорватиялик футболчи ўзини кўрсата олмади. Биринчи бўлимда “Женоа” ёмон ўйнади. Айниқса, ҳужумда. Ҳисобда олдинга чиқиб олган римликлар биринчи бўлимда тўпни 64 фоиз ўз назоратида ушлаб турди.
Баллардинида иккинчи бўлиб бошидан Шомуродовни ўйинга туширишдан бошқа чора қолмади. Катта иштиёқ билан майдонга чиққан Элдор жамоаси ўйинини ўзгартира олди. Бош мураббий фикрини ва муносабатини ҳам.
Элдор ёрдамида генуяликлар ҳужуми кескин кучайди. Баҳснинг иккинчи ярмида жамоа рақиб дарвозаси томон олтита зарба йўллади. Ўзбек ҳужумчиси бир неча марта ўткир ҳужум уюштирди, жамоадошларини қулай позицияга олиб чиқадиган паслар берди. Пасларининг 77 фоизи аниқ бўлди. Бу ҳужумчи учун ижобий кўрсаткич.
“Женоа” ҳисобни тенглаштирган вазиятда барча ишни Элдор амалга оширди. У ўз жарима майдончаси яқинида тўпни олиб, бутун майдонни катта тезликда босиб ўтди ва тажрибали Лукас Лейвани алдаб, Дестрога ўта қулай пас оширди. Маттиа бу совғани увол қилгани йўқ – 1:1.
Шомуродов ўйин давомида ғалаба тўпини киритишга яқин келганди. Ҳимоячиларни ажойиб усулда доғда қолдириб, дарвоза бурчагига йўллаган зарбаси устун ёнгинасидан ўтиб кетди. Голга бир неча сантиметр етишмади холос.
Умуман олганда, Элдор юқорида келтирилган фойдали ва самарали ҳаракатларидан ташқари рақибни бир бор ажойиб усулда алдаб ўтди, бошқа вазиятда ҳужумга ўтган “Лацио” футболчисидан тўпни олиб қўйди, бир неча бор ҳаводаги курашларда устунлик қилди. Футболчилар ўйинини баҳолаган Whoscored статистика портали Шомуродовнинг ўйинига юқори балл берди.
Элдор Шомуродов “Лацио”га қарши учрашувда А Серияда жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Женоа”ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Ўзбек легионери ўз ўйини билан асосий таркибда тўп суришга муносиб эканини кўрсатди. Ўз навбатида, янги бош мураббий Давиде Баллардини ҳам Шомуродов нафақат Роландо Маран, балки ҳар қандай мураббий қўл остида ҳам самарали ўйнай олишига ишонч ҳосил қилди.
Футбол мутахассислари ва “Женоа” мухлислари эса, жамоанинг муваффақиятлари ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро тандемига боғлиқ эканига ишониб, бош мураббий кейинги ўйинларда уларга илк дақиқадан имкон бериши кераклигини таъкидламоқда.
Фикрлар