Шомуродов Европани забт этишга йўл олган ўзбек футболчисига катта баҳо берди
Элдор Шомуродов бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиси ҳисобланади. 28 ёшли ҳужумчимиз ўзбек футбол мактаби тарбияланувчилари ҳам Европанинг энг кучли чемпионатларида ўйнай олишини амалда кўрсатиб берди.
Бугунги кунда кучли бешлик лигаларида Элдордан ташқари Абдуқодир Ҳусанов ҳам ўйнайдиган бўлди. 19 ёшли ҳимоячимиз Франция вице-чемпиони “Ланс” сафига қўшилди.
Юртимизда топ-лигаларда ўйнай олиш қобилиятига эга янги авлод футболчилари тарбияланмоқда. Улар учун Россия, Беларусь, Туркия чемпионатлари “кўҳна-қитъа”нинг кучли лигаларига йўл очиб берадиган мусобақага айланиб бормоқда.
Илгари хориж чемпионатларига асосан футболчи сифатида тўлиқ шаклланиб бўлган футболчиларимиз айни кучга тўлган пайтида йўл олган бўлса, бугунги кунда катта футболга энди қадам қўйган ёш ўйинчилар ҳам легионер мақомини олишга чўчимаяпти.
Фаолиятини Россия Премьер-лигасининг ЦСКА клубида давом эттиришга қарор қилган Аббосбек Файзуллаев ана шундай шижофатли ёш футболчилардан. Бир неча позицияда ўйнай оладиган 19 ёшлиужумкор футболчи ўзбошимчалик қилгани йўқ. У легионер мақомини олишдан олдин хорижда тўп тепиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Элдор Шомуродов билан маслаҳатлашди.
Бу трансфер амалга ошганидан кейин Элдор Шомуродов ёш ўйинчи Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКАга ўтганига муносабат билдирди.
- ЦСКА Ўзбекистондаги ёш футболчилар авлодининг энг яхши вакилларидан бирини қўлга киритди. Аббосбек жуда ёрқин ўйинчи. Шунингдек, яхши таълим ва тарбия кўрган йигит. Футболчи сифатида ҳақиқий профессионал.
Табиийки, унга янги муҳитга мослашиши учун муайян вақт керак бўлади. Лекин мен Файзуллаев ўз ўйинлари билан мухлисларни хушнуд этишига аминман, - деди Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва “Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам Европа кучли чемпионатларига йўлни Россия Премьер-лигасидан бошлаган.
Юртимизда “Машъал” ва “Бунёдкор” жамоаларини шарафини ҳимоя қилган Элдор 2017 йилга келиб, Россия Премьер-лигасининг ўртамиёна жамоаси “Ростов” билан шартнома имзолади.
Ҳужумчимиз уч мавсум давомида ўз салоҳиятини ошириб келди. Ниҳоаят, 2020 йилнинг октябрь ойида ўз мақсадига етиб, Европанинг кучли беш лигасидан бири – А Серияга кўчиб ўтди. Италиянинг энг қадимий жамоаси – “Женоа” ўзбек ҳужумчиси учун жами 9 миллион евро тўлаб, уни ўз сафига қўшиб олди.
Дебют мавсумида тўпурарлик қобилиятини кўрсатган Шомуродовни таниқли мураббий Жозе Моуриньо гранд клуб – “Рома”га олиб кетди. Бу жамоа сафида ҳамюртимиз Европадаги илк соврини УЕФА Конференциялар лигаси кубогини қўлга киритди.
Ўтган мавсумни ижара асосида “Специя”да якунлаган Шомуродов янги мавсумда янги чақирувни қабул қилди ва машҳур мураббий Клаудио Раньери бошқараётган “Кальяри”га ёрдам бериш мақсадида Сардиния клубига кўчиб ўтди.
Аббосбек Файзуллаев учун ҳам Россия Премьер-лигаси Европанинг топ-чемпионатларига йўл очиб берувчи трамплин бўлишини тилаб қоламиз. Бу футболчимизга ҳам Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусанов йўлини берсин.
Фикрлар
..