Шомуродов гол урган, Файзуллаев ассист қайд этган ўйиндан кейин фикр билдирди
Туркия Суперлигасининг 21-тур учрашувлари якунига етди. Мазкур турда ҳамюртларимиз Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев тўп сураётган "Истанбул Башакшеҳир" сафарда "Эюпспор" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эътиборлиси, ушбу баҳсда Аббос Файзуллаев ўз ҳисобига ассист ёздириб қўйган бўлса, Элдор Шомуродов рақиб дарвозасини ишғол этди. Учрашувдан сўнг футболчилар ғалаба ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бугунги ўйинда энг муҳим нарса уч очкони қўлга киритиш эди ва биз бунга эришдик. Тўғри, учрашув сўнгида бироз назоратни бой бериб, гол ўтказиб юбордик. Аммо ғалабани сақлаб қолдик. Клуб ва жамоадошларим учун жуда хурсандман, чунки энг асосийси — очколарни қўлга киритдик”, — деди Файзуллаев BeIN Sports нашрига берган интервьюсида.
Элдор Шомуродов эса ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида қуйидагича ёзди:
“Ҳар бир учрашув — майдондаги ҳақиқий жанг. Бу жамоа билан фахрланаман. Бу ғалаба — бизники.”
Маълумот учун, Нури Шаҳин шогирдлари кейинги турда "Бешиктош" жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Фикрлар