Шомуродов ҳали ишончни оқламади! Лекин...
Жозе Моуриньо “Рома” таркибини сезиларли даражада ўзгартириб ташлади. Португалиялик мутахассис ўзига маъқул келмаган ўйинчиларни бирма-бир жамоадан узоқлаштирмоқда. Бу иккала трансфер ойнасида ҳам кузатилган ҳолат.
Аввал, январьда юз берган ўзгариишлар ҳақида тўхталамиз. Бу трансфер бозори римликлар учун анча омадли бўлди. Улар бош мураббий истаган ўйинчилардан иккитасини олишни уддалади ва ҳар икки ярим ҳимоячи жамоага фойда келтира бошлади. Қолаверса, клуб асосий таркибга кираолмаётган бир неча футболчилардан қутилиб, маошлар фондини анча енгиллаштирди.
Хабарингиз бор, “Рома” мутасаддилари Моуриньо талаби билан “Арсенал”дан Эйнсли Мейтленд-Найлс ва “Порту”дан Сержиу Оливейрани мавсум охиригача ижарага олди. Англиялик футболчи мавсум охирида жамоасига қайтарилади. “Бўрилар”дан Оливейрани тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи бор.
Эйнсли бир неча позицияни ёпа олиши, Оливейра эса таянч зонада ва ҳужум уюштиришда ишончли ўйнаши билан аҳамиятли.
Кетган ўйинчиларнинг аксарияти Жозе Моуриньо талабига жавоб бера олмаган ўйинчилардир. Хусусан, аргентиналик легионер Федерико Фацио клуб билан шартномани муддатидан олдин бекор қилиб, “Салернитана”га ўтиб кетди.
Асосий таркиб учун курашда Элдор Шомуродовга ютқазган испаниялик Борха Майораль ва унинг ҳамюрти Гонсало Вильяр “Хетафе”га ижарага юборилди.
19 ёшли вингер Риккардо Чьерво “Самподория”дан қайтариб олиниб, “Сассуоло”га жўнатилди. 20 ёшли америкалик ҳимоячи Брайан Рейнолдс мавсумни Бельгия чемпионатида “Кортейк” жамоасида якунлайдиган бўлди.
Яна бир истеъдодли ҳимоячи Риккардо Калафьори тажриба ошириши ва ўйин амалиётига эга ўлиш учун “Женоа”га берилди.
Моуриньога керак бўлмайдиган дарвозабонлар – 27 ёшли Пау Лопес ўзи ижарада ўйнаётган Франциянинг “Марсель” клубига сотиб юборилди, Робин Ульсен эса “Шеффилд”дан олиниб, “Астон Вилла”га ижарага жўнатилди. Виллаликлар швед дарвозабонини мавсум охирида тўлиқ харид қилиши мумкин.
Таҳлилчилар Жозе Моуриньо танлови билан амалга оширилган деярли барча трансферлар “Рома”га кутилган фойдани келтираётганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Қишда олинган Эйнсли Мейтленд-Найлс ва Сержиу Оливейра келиши билан асосий таркибдан муқим ўрин олганидан ҳаммамиз хабардормиз.
Ёзда олиб келинган ўйинчилар ҳам ярим мавсум давомида ўзини кўрсата олди. “Вулверхэмптон”дан келган Руй Патрисиу ҳақиқий биринчи рақам эгаси эканини исботлади. “Палмейрас”дан олинган Матиас Вина жароҳатланган Леонардо Спинаццоланинг йўқлигини билдирмаяпти.
“Аталанта”дан ўтган Рожер Ибаньес ҳам асосий таркибдан муқим ўрин топди. “Верона”дан келган Мараш Кумбулла ҳам ниҳоят Моуриньо ишончини қозонди ва кейинги пайтда ҳимоянинг асосий фигураларидан ҳисобланади.
Тэмми Абрахамга эса умуман гап йўқ. “Челси” сиғдирмаган ҳужумчи Римда ҳақиқий юлдузга айланди ва кучли бешликда ўйнаётган англиялик форвардлар орасида тўпурарлик бўйича энг яхши натижаларни қайд этиб келмоқда. Римлик мухлислар Абрахам жамоанинг ёрқин юлдузи Эдин Жеконинг ўрнининг боса олганини тан олмоқда.
Жозе Моуриньо режасига кўра, Жеко Римда қолиши ва Элдор Шомуродовнинг унинг ўринбосари бўлиши керак эди. Клуб раҳбарияти билан муносабати яхши бўлмаган босниялик ҳужумчи “Интер”га ўтиб кетганидан сўнг, римликлар “Челси”дан Абрахамни 40 миллион еврога олишга мажбур бўлди.
Бу ўзгаришлар Элдорнинг мавқеига ҳам таъсир қилмай қолмади. Тэммига қадар клубнинг асосий ҳужумчиси сифатида ўртоқлик ва расмий учрашувларда гол ура бошлаган легионеримиз ҳозиргача етарли ўйин амалиётига эга эмас.
- Моуриньо танлаган футболчилар орасида фақатгина Элдор Шомуродов кутилганидан пастроқ даражада ўйин кўрсатмоқда. Элдор амплуаси бўйича Тэммининг ўринбосари бўлиши керак. Лекин у бу позициясида жуда кам майдонга тушмоқда, - деб ёзди аs-roma нашри.
“Рома”да ўзгаришлар давом этади. Спорт директори Тьягу Пинто ҳозирдан келаси ёзда харид қилинадиган футболчилар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, Рим клубида ички рақобат кучайиб бораверади. Элдор Шомуродов эса, мавсумнинг қолган қисмида кўпроқ гол уриб, ўзида бор салоҳиятни кўрсатиб қўйиши талаб этилади. Зеро, бу Шомуродовнинг қўлидан келади.
Фикрлар