Шомуродов Италияда Миранчукдан устунлигини исботламоқда!
Россия примьер-лигасининг икки вакили – Элдор Шомуродов ва Алексей Миранчук ёзги трансферлар вақтида кучли бешлик чемпионатларидан бири – Италия А Сериясига ўтгани рус футболида ўзига хос сенсация бўлди.
Россиялик футбол мутахассислари миллий чемпионатдаги ўйинчиларни Европанинг кучли чемпионатларидан таклиф олишини муваффақият сифатида баҳолайди. Чунки Россияда яхши ўйнаб келаётган чарм тўп усталарининг Европа футболига ўтганидан кейин фаолиятида пасайиш юз бериши одатий ҳолга айланган. Шунинг учун ҳам европаликлар кўп ҳам бу мамлакат футболчиларига эътибор қаратмайди.
Шу боис, Элдор Шомуродов ва Алексей Миранчукнинг “Женоа” ва “Аталанта”га ўтиши 2020 йилнинг энг муҳим трансферлари сифатида баҳоланди. Мана ҳар икки футболчининг Италиядан қўним топганига ҳам уч-тўрт ойдан ошди. А Сериянинг ўтган турида “Аталанта” ва “Женоа” ўзаро тўқнаш келди, Алексей ва Элдор бир бирига қарши ўйнади. Шундан келиб чиқиб, мутахассислар уларнинг Италиядаги фаолиятини ўзаро таққослади.
Олдиндан айтиб ўтиш лозимки, бу борада устунлик ўзбек футболчиси томонида бўлди.
Москванинг “Локомотив” клуби етакчиси Алексей Миранчук 2020 йилнинг 30 август куни “Аталанта” сафига ўтди. “Ростов” ҳужумчиси Элдор Шомуродов октябрь ойининг охирида Генуя жамоасига қўшилди. Гарчи Миранчук Шомуродовдан қарийб икки ой аввал Италияга борган бўлса-да, янги чемпионатга мослашиш борасида ўзбек футболчиси ўзиб кетди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бунинг биринчи сабаби лаёқатга боғлиқ экан. Россиялик футболчиларнинг машғулотларга ҳар доим ҳам жиддий киришмаслиги уларнинг менталитетига сингиб кетгани кўп гапирилади. Шомуродов эса, ҳар доим меҳнатсеварлиги билан ажралиб турган. Яқинда Элдорнинг ўзи “Женоа”да ўзи дуч келадиган қийинчиликларни олдиндан билишини ва бунинг ечими фақат қаттиқ меҳнат қилиш эканини таъкидлади. Унинг бу фазилати қўл келаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, Элдор мураккаб вазиятларда охиригача курашиш борасида ҳам россиялик юлдуздан бир бош устунлиги айтилмоқда.
Яна бир жиҳат. “Аталанта” бош мураббийи Гасперини машғулотда қора терга ботмаса ҳам, ўйинда ўзига ажратилган беш дақиқа ичида бор маҳоратини намоён қиладиган ўйинчига имкон бериши билан ҳам машҳур. Алексей ўзини яхши томондан кўрсата олган дебют учрашувларидан кейин италиялик устози унга кўпроқ ўйин вақти берди. Лекин Миранчук кўпроқ ўйнаган пайтда фойдали ишларни камроқ амалга оширди.
Элдор Шомуродов эса аксинча, ўзига берилган бир неча дақиқа ичида жамоага керакли фигура эканини исботлаб, голли вазиятлар яратди. Бора-бора “Женоа” ҳужумидаги энг муҳим ўйинчи мақомини ўзиники қилди. Гол масаласида ҳамма Элдорга суянадиган бўлиб қолди.
Футболчининг адаптациясида жамоа мавқеи ҳам роль ўйнайди. Кучсизроқ жамоага мослашиш осонроқ. Миранчукнинг “Аталанта”си кейинги йилларда совринли ўринлар ва Европа Чемпионлар лигаси учун даъвогарлик қилмоқда. Демак, футболчилар гарданидаги масъулият ва босим ҳам шунга яраша. Бу янги фуболчининг жамоага мослашувини секинлаштирадиган омил. Миранчукда ҳам шундай бўляпти. У кўпроқ меҳнат қилишга мажбур.
“Женоа”нинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Уларнинг асосий мақсади А Сериядаги жойини сақлаб қолиш. Психологик нуқтаи назардан Элдорга осонроқ. Бир томондан, дарров “баланд дорга осилгандан” кўра, чет элдаги фаолиятини кучсизроқ жамоада бошлаб, кейин катта клубларга ўтган маъқул. Миранчук таркибга кириш учун курашаётган бир пайтда, Элдор “Женоа”даги ўйини туфайли “Ювентус” эътиборига тушди. Хулоса ўзингиздан.
Футболчининг янги чемпионатга кўникишида тажриба ҳам муҳим. Шомуродов бу борада Миранчукдан устун. Ўзбек футболчиси ўз юртидан ташқари, Россияда уч йил ўйнади. Легионерлик тузини татиб кўрган. Чет эллик ўйинчи тўқнаш келадиган ҳолатларни бошдан ўтказиб бўлган.
“Локомотив” юлдузи даражасида ўйнаган Миранчук эса, Москвадан ташқарига чиқмаган. Бегона юртда тўп тепиш унинг учун ўзлаштирилмаган дарс. Шунинг учун ҳам мослашув жараёнида у ўзига тенгқур бўлган Элдордан ортда қоляпти.
Нима бўлган тақдирда ҳам, биз ҳар икки футболчининг легионер сифатидаги фаолияти гуллаб-яшнашини истаймиз. Бу легионерларнинг яхши ўйнаши европалик мутахассислар эътиборини Россия футболига қаратади. Россия чемпионати эса, нафақат руслар, балки ўзбек футболчилари учун ҳам Европага йўл очадиган мусобақага айланади.
Фикрлар
Рональдодан ўтишни мақсад қил, алдамчи гапларга эътибор бермасдан мақсад сари илдамлайвер. Сенинг ФАНАТЛАРингни умиди катта СЕНДАН...