Шомуродов ўрнига уч ҳужумчи!
Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун курашаётган бир вақтда унинг “Рома”даги келажаги қизғин муҳокама қилинмоқда.
Рим клубида Даниэле де Россининг ўрнини эгаллаган Иван Юрич таркибни ўзига мослаштиришни бошлади. Италия матбуотининг ёзишича, тозалаш ишлари январь ойидаги трансферлар ойнаси давридан бошланади.
Айни пайтда клубни тарк этадиган ва уларнинг ўрнига олиб келинадиган футболчилар рўйхати шакллантирилмоқда. Кетадиганлар орасида Элдор Шомуродов номи ҳам тилга олиняпти.
Sports.uz портали Италия манбаларининг пойтахт клубида юз бериши кутилаётган ўзгаришлар бўйича тарқатаётган маълумотларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишни давом эттиради.
“Рома” спорт директори Флоран Гисольфи қишки трансферлар бозорига тайёргарлик кўрмоқда. Бу мутахассис олиб келинадиган ўйинчиларни танлашдан ташқари, “Рома”ни тарк этадиган ўйинчилар учун ҳам жамоа топиб бериши керак.
Рим клубини тарк этиши кутилаётган ўйинчилар рўйхати шаклланиб қолди. Биринчи қаторда Леандро Паредес турибди. Аргентиналик футболчига ўйин амалиёти етишмаяпти, шартномаси тугаяпти ва ёшининг катталиги ҳам таъсир ўтказмоқда. “Рома” ўтган мавсум Леонардо Спенаццола ва Руй Патрисиу каби ёши катта ўйинчилар билан хайрлашган эди. Бу сиёсат яна давом эттирилади.
Кейинги пайтда Элдор Шомуродов номи ҳам кўп тилга олинмоқда. Агар Рим клуби украиналик Артём Довбикка ўринбосар сифатида янги ҳужумчи трансфер қилса, катта эҳтимол билан ўзбек футболчиси январда бошқа клубга ўтади.
Шомуродовнинг шартномаси 2026 йилнинг ярмигача давом этади. Демак, ўзбек ҳужумчисида яна бир маротаба ўзини ижарада синаб кўриш имконияти бор. Бироқ шу пайтгача иккита ижара муддати ўйинчининг ўзига ҳам, клубга ҳам кутилган самарани келтирмади.
Жамоа ёзда олиб келинган икки қанот ҳимоячилари Сэмюэл даль ва Сауд Абдулҳамида ҳам ишончли оқламади. Швециялик ҳимоячи ҳали бирор маротаба кўриниш бергани йўқ. Саудиялик ўйинчи Европа лигасида бир яримта учрашувда ҳаракат қилди, бироқ ўзини кўрсата олмади. Бу икки ҳимоячини А Сериянинг рейтинги пастроқ жамоаси ижарага олиши мумкин холос.
“Рома” спорт директори Флоран Гисольфи бошчилигида Артём Довбикка ўринбосар бўла оладиган ҳужумчи қидиряпти. Бу борада Элдор Шомуродовга тўлиқ ишонч билдирилмаяпти.
Кутилаётган биринчи ҳужумчи Бето бўлиб турибди. “Эвертон”га ўтишдан олдин “Удинезе”да порлаган португалиялик ўйинчига “Ювентус” ҳам кўз тикмоқда. Агар бу трансфер амалга ошмайдиган бўлса, римликлар яна икки форвардни кўз остига олиб қўйган.
Рим клуби мутасаддилари 26 ёшли Лука Йовични ҳам олиши мумкин. “Милан”да жорий мавсумда атиги 78 дақиқа ўйнаган сербиялик футболчи клуб режаларига киритилгани йўқ. Миланликлар уни ёздаёқ сотиб юбормоқчи бўлганди. Лекин оладиган харидор чиқмади.
Элдор Шомуродов ўрнига учинчи номзод Милан Журич бўлиб турибди. Босниялик форвард А Серияда олтита учрашувда иккита тўп киритди. Бўйи қарийб икки метр бўлган 34 ёшли ҳужумчи фаолиятининг якуний босқичида Италиянинг энг номдор клубларидан ҳисобланган “Рома”га кўчиб ўтишга қарши бўлмаса керак.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовни аввалги бош мураббий Даниэле де Росси Римда олиб қолган эди. Бироқ у ҳам, унинг ўрнига келган Иван Юрич ҳам Италия чемпионати доирасида легионеримизга етарли даражада имконият бермаяпти. Шомуродов янги мавсумда А Серияда тўрт маротаба майдонга тушиб, жами 34 дақиқа ҳаракат қилди ва шунда ҳам ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйишга эришди.
Фикрлар