Шомуродов ўзига ёқадиган жамоа топди
Туркия Суперлигасининг 23-турида Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси сафарда “Аланьяспор” футболчилари меҳмони бўлди.
Ўтган турда ўз майдонида “Бешиктош”дан аламли мағлубиятга учраган истанбулликлар бу гал рақибдар ҳар томонлама устунлигини намойиш қилди.
Учрашувнинг 14-дақиқасида “Башакҳшеҳир”нинг германиялик легионери Деви Зельке ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Биринчи бўлим охирида катта саҳнага ўзбек футболчилари чиқди.
44-дақиқада Аббосбек Файзуллаевни рақиб ҳимоячилари жарима майдончаси ичида қўполлик билан тўхтатди. Ҳакам пенальти белгилади. 11 метрлик белгидан Элдор Шомуродов зарба берди ва ҳисобдаги фарқни йириклаштирди.
Иккинчи бўлимда мезбонлар Флорент Хадергёнайнинг аниқ зарбаси эвазига битта жавоб тўпини киритди. Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевда ўйиннинг иккинчи ярми ўрталаригача майдонда қолди ва кейин захирага олинди. Бу вақт ичида ҳам ҳисобни ўзгартириш учун уларда вазиятлар бўлди, бироқ тўп дарвоза тўрига тушмади.
Қийин ғалабадан кейин “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси жамғарган очколар сони 36 тага етди ва жамоа мусобақа жадвалида олтинчи ўринда мустаҳкам ўрнашиб олган.
Бу баҳсда тўп киритган Шомуродов чемпионатдаги 16-голини нишонлади ва тўпурарлар пойгасида ўзидан ўзиб кетган “Трабзонспор” форварди Поль Онуачуга етиб олди.
Таъкидлаш жоизки, мавсум қизғин паллага кирган айни пайтда Туркия чемпионати “Олтин бутса”си учун кураш авжига чиқмоқда. Пешқадамлик учун рақобат асосан Шомуродов ва Пол Онуачу ўртасида кечаётган бўлса, уларни таъқиб қилиб келаётган ҳужумчилар ҳам анча жонланиб қолди.
Хусусан, “Галатасарой” юлдузи Мауро Икарди охирги учта учрашувда рақиблар дарвозасини тўрт бош ишғол қилиб, голлари сонини 13 тага етказди. “Фенербаҳче” вакили Андерсон Талиска сўнгги иккита ўйинда бир жуфт тўп киритди ва унинг ҳам голлари сони 13 тага етди.
Тўпурлар курашида Элдор Шомуродовга рақиблик қилаётган бу ҳужумчилар жамоалари 23-тур учрашувларини энди ўтказади ва вазият яна ўзгариши мумкин.
Эътиборли жиҳати шундаки, Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги жами 17 та рақиб жамоанинг деярли ҳар бирига гол урмоқда. 30 ёшли ўзбек ҳужумчиси 14 та жамоа, яъни “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Антальяспор”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги”, “Трабзонспор”, “Касимпаша”, “Самсунспор”, “Газиантеп”, “Фотиҳ Карагюмрюк”, “Ризеспор” ва “Эюпсор” дарвозасини ишғол қилди.
Энди Элдор Шомуродов гол ура олмаган иккита жамоа қолди. Ҳамюртимиз “Гёзтепе” ва “Фенербаҳче”га чемпионатнинг иккинчи ярмидаги ўйинларда тўп киритишга ҳаракат қилади. “Кайсериспор” эса, чемпионатнинг ҳар икки ўйинида Шомуродовнинг гол уришига йўл бермаган ягона жамоа бўлиб турибди.
Бундан ташқари, “Аланьяспор” Шомуродов гол уришни яхши кўрадиган жамоага айланиб қолди. Бу ўзбек ҳужумчиси чемпионатнинг ҳар икки даврасида гол урган биринчи жамоа сифатида қайд этилди.
“Истанбул Башакшеҳир” футболчилари навбатдаги тур учрашувини 27 февраль куни ўз майдонида мухлислари кўз ўнгида “Коньяспор” жамоасига қарши ўтказади.
Фикрлар