Шомуродовга янги вазифа юкланди(ми)?!
А Серия ўйинларини кузатиб бораётган мухлислар ва мутахассислар ҳеч бир футболчининг хатти-ҳаракатларини назардан қочирмайди. Айниқса, кучли бешликка кирмаган мамлакатлар чемпионатидан келган чарм тўп усталарининг ўйинини алоҳида синчковлик билан кузатишади ва баҳолашади.
Кўп италияликлар Ўзбекистон деган мамлакат борлигини Элдор Шомуродов “Женоа”да ўзини кўрсата бошлагани ва Италиянинг энг қудратли клуби “Ювентус”нинг эътиборига тушганидан кейин билиб олди, десак мубалаға бўлмаса керак.
Ўзларининг талабчанлиги билан ном чиқарган “Женоа” мухлислари легионеримизнинг ҳар бир ўйинини кузатиб бормоқда ва клубнинг ижтимоий тармоқларида ўз фикр-мулоҳазалари, танқиду мақтовларини пост қилиб қолдиряпти.
“Женоа”нинг 27-туридан ўрин олган “Удинезе”га қарши учрашувида жамоасининг голига катта ҳисса қўшган Шомуродовнинг ҳаракатларини генуялик ишқибозлар анча яхши баҳолагани қувонарли. Албатта, бу гал ҳам танқидий фикрлар бўлди, бироқ ижобийлари кўпроқ ва асосилироқ экан.
Эътиборингизга “Женоа” мухлисларининг Шомуродов ҳақидаги фикрларини ҳавола этамиз.
Gennaro Chietti:
“Женоа” кейинги ўйинда қандай таркиб билан майдонга чиқиши мени жуда қизиқтиряпти. Элдор Шомуродов ва Горан Пандев ҳамкорликда яхши ўйнади. Агар улар ҳужумдаги асосий тандем вазифасини бажарадиган бўлса, тўпураримиз Маттиа Дестро захира ўриндиғида имкониятини кутишига тўғри келади.
Alessandro Di Pinto:
Кўпчилик Шомуродовни танқид қиляпти. Лекин эътибор беринг, Элдор Кевин Стротманга аниқ пас бериб, голли вазиятни яратди ва унда бевосита иштирок этди. Жорий мавсумда бундай ҳолатлар жуда кўп кузатилмоқда. Унинг бу ёрдами статистикага киритилмаяпти. Шунинг учун кўпчилик ўзбек футболчиси қанча гол уришга ёрдам берганини билмайди.
Pasquale Carobene: (Alessandro Di Pinto фикрига жавобан)
Элдор ҳужумчи! Унинг иши кимга нечта гол урганига ёрдам бергани билан эмас, балки ўзининг ҳисобидаги голлари билан белгиланади.
Anna Mendone:
Менга Шомуродовнинг ўйини маъқул келди. У жуда фаол ҳаракат қилди ва гол уришимизда хизмати катта бўлди. Баллардини уни майдонга тушириб тўғри иш қилди.
Maria Sannino:
Шомуродов гол уриш имконини қўлдан бой берганига ачиндим. У позицияни жуда зўр танлади, баланд сакради, лекин зарба кутилганидек аниқ чиқмади. Гол жамоа учун ҳам, ўйинчининг ўзига бўлган ишончи ортишига ҳам зарур эди.
Gianluca Rotondo:
Пандев ва Шомуродов ҳеч қачон илк дақиқалардан бирга ўйнамаган эди. Лекин бир-бирини узоқ йиллардан бери биладигандек, ўзаро тушуниб ўйнади.
Marcello Corsaro:
Шомуродов ва Пандев жуда яхши ўйнади. Афсуски, ҳужумчилар ўзлари яратган имкониятларни голга айлантира олмади.
“Женоа” Шомуродов ёрдамида урилган гол эвазига “Удинезе” билан 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этди. Энди генуяликлар 19 мартга белгиланган 28-турда “Парма” меҳмони бўлади. Бу учрашув Тошкент вақти билан тунги 00:45да бошланади. “Женоа” ҳозирча 28 очко билан 14-ўринни эгаллаб турибди. Хавфли ҳудуд – 19-ўринда турган “Парма” ҳисобида 19 очко бор.
Фикрлар