Шомуродовни "Рома"да олиб қолган мураббий нега ишдан олинди?
Италиялик мураббий Даниэле де Росси расман “Рома” бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти эълон қилди.
- “Рома” Даниэле де Россини биринчи жамоанинг бош мураббийи лавозимидан озод этганини маълум қилади.
Клуб қарори жамоанинг манфаатлари йўлида, мавсум эндигина бошлаган паллада яна мақсадга эришиш йўлига тезроқ қайтиш мақсадида қабул қилинди.
Даниэлега олиб борган ишлари, бир неча ой катта иштиёқ ва садоқат билан хизмат қилгани учун миннатдорлик билдирамиз, - дейилади клуб баёнотида.
Таъкидлаш жоизки, “Рома”га эгалик қилувчи Фридкинлар оиласининг асл мақсади жамоани А Серия грандлари қаторига қайтариш, совринлар учун курашадиган даражага етказиш, Европа Чемпионлар лигаси мунтазам иштирок этиши таъминлаш ҳисобланади.
Клуб хўжайинлари бу лойиҳани амалга оширишга уч йил аввал жиддий киришган ва футбол оламида кўплаб ютуқларга эришган Жозе Моуриньони бош мураббий сифатида олиб келган эди. Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг Рим клубига кўчиб ўтишида машҳур мураббийнинг ҳиссаси катта бўлган.
Бироқ португалиялик мутахассис ўзига берилган муддатда вазифани уддалай олмади.
Бунинг оқибатида “Рома” 2024 йилнинг бошида ҳали Моуриньонинг шартномаси тугашига бир неча ой қолган паллада уни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига футболчилик даврида римлик мухлислар ёқимтойи бўлган ва ҳозир мураббийлик фаолиятини олиб бораётган Даниэле Де Россини бош мураббий қилиб тайинлади.
Моуриньодан қолган жамоа ўйинида ижобий ўзгариш қила олган 41 ёшли мутахассисга катта умид боғланди. Унга жамоани янги мавсумга пухта тайёрлаш учун барча шароитлар яратиб берилди. “Рома” трансфер бозорида пухта ишлади. Мураббийлар штабини қониқтирмаган барча футболчилар жамоадан кетди.
Даниэле Де Росси фақатгина Элдор Шомуродов борасида фикрини ўзгартириб, легионеримизни Римда олиб қолди. Бунга Элдор “Эмполи”га қарши ўтказилган учрашувда 13 дақиқа ичида юқори салоҳиятини кўрсата олгани ва “Рома”нинг мавсумдаги биринчи голига муаллифлик қилгани асос бўлди.
“Рома” А Серия баҳсларини муваффақиятли бошлай олмади. Жамоа ўз майдонида “Эмполи”га ютқазди, “Кальяри”, “Ювентус” ва “Женоа” билан бўлган сафар учрашувларида рақиблар қаршилигини синдира олмасдан, дуранг билан кифояланди.
Жамоа олдига жиддий талабларни қўйган клуб раҳбарияти Даниэле Де Россининг мавсум бошидаги тўртала учрашувда очко йўқотгани, жамоанинг нурсиз ўйини ва ҳали бирор маротаба ғалаба қозона олмаганини кечирмади.
Таъкидлаш жоизки, sports.uz портали таҳририяти “Рома” жамоаси бошқарувида ўзгариш бўлиши кутилаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
“Рома” бош мураббийлигига қайси мутахассислар олиб келиниши мумкинлиги ҳақида қуйидаги мақоладан маълумот олишингиз мумкин.
Ана холос: “Рома”ни Шомуродовни яхши кўрадиган мураббий бошқариши мумкин!
Фикрлар