Шомуродовнинг лақаби, ҳимояланишдаги муаммо ва ротация ҳақида Сречко Катанец матбуот анжуманида нималар деди? (тўлиқ)
Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида "оқ бўрилар" бош мураббийи Сречко Катанец ва ҳимоячи Шерзод Насруллаев иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
"Ассалому алайкум. Эртанги кучли рақибга қарши кечадиган баҳсга тайёрмиз. Мавсум сўнги бўлгани учун баъзи футболчиларда толиқиш борлиги табиий. Бир футболчимиз беллашувни ўтказиб юборади".
- Тожикистон - Россия ўйинини кўрган бўлсангиз керак. Россияликларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида нима дея оласиз?
"Албатта кўрдим. Биринчи навбатда, улар сунъий майдонда ўйнаганини таъкидламоқчи эдим. Бу қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради. Шахсан мен агар учрашув сунъий қопламали майдонда ўтса, буни футбол деб ҳисобламайман. Бу спортнинг бошқа тури деб ҳисоблайман. Бундай вазиятда футболчиларнинг ҳаракат қилиши жуда қийин. Агар мендан қайсидир ўйинни мана шундай шароитда ўтказишни сўрашса, йўқ деб жавоб берган бўлардим.
Умуман олганда, мен кўпроқ ўзимнинг жамоамга эътибор қаратмоқчиман, уларнинг ўйинига эмас. Шунингдек, Россияга қарши беллашувда тожикистонликлар намойиш этган ўйин менга жуда ёқди. Улар жуда йиғиқ ва агрессив футбол кўрсатди. Тўқнашув олдидан барча Тожикистонни аутсайдер ҳисоблагани аниқ. 3:0, 4:0 ҳисобини тахмин қилганлар ҳам бўлгандир. Аммо ҳозир бу услубда ўйнайдиган жамоаларга қарши майдонга тушиш мураккаб вазифа бўлиб қолди".
- Тожикистоннинг Россияга қарши қўллаган услубини мақтадингиз. Сиз ҳам шундай қилмоқчимисиз? Яна бир савол, Иброҳимҳалил Йўлдошев нега терма жамоага чақирилмади?
Мен шогирдларимдан доим мана шундай ўйнашни талаб қилиб келганман. Бу қарама-қаршиликда ҳам Россия фаворит. Шунчаки РПЛ ва Ўзбекистон Суперлигасини солиштирсангиз, орадаги катта фарқ борлигини кўришингиз мумкин.
Йўлдошевга келадиган бўлсак, у ёш ва ўз ўйини, хусусан, ҳужумга ўтиш ҳамда ҳимояланиш устида ишлаши лозим.
- Ўтган учрашувда Остон Ўруновга имконият тақдим этилди. Ваҳоланки, у айни пайтда формада эмас. Нега мавсум мобайнида яхши темп намойиш этган футболчилар майдонга туширилмади? Мисол учун, Бобир Абдиҳолиқов.
"Сиз Беларусь чемпионатидаги барча ўйинларни қолдирмай кўриб борасизми? Мен уни кузатганим учун Бобирни термага чақирдим. Остонга келадиган бўлсак, у ҳозир клубсиз юрган бўлса ҳам Ўруновда бизга керакли сифатлар бор. Остон ундан нима талаб қилаётганимни тушунмоқда, потенциали ҳам юқори. У яқин келажакда Ўзбекистон учун муҳим футболчи деб ўйлайман. Менда терма жамоа ҳужумида вариант у қадар кўп эмас. Масалан, Абдиҳолиқовни қанотга қўя олмайман. Шунингдек, уни ҳужум марказида ажойиб ўйин намойиш этаётган Элдор Шомуродов ўрнига ҳам майдонга туширолмайман.
Ўзи нега Бобир ва Остонни мисол келтирганингизни тушунмадим. Улар майдонда икки хил позицияда ўйнайди, турли хил функцияларни бажаради. Келинг, муҳокамани тўхтатайлик. Бу менинг қарорим! Ва бунга сабабларим бор. Кимни қайси позицияга қўйиш бу менинг ваколатимга киради".
- Ўзбекистон МТЖнинг асосий муаммоси доим ҳимоя чизиғи бўлиб келган. Ҳозирги пайтда бош мураббийнинг мудофаадан қанчалик кўнгли тўқ?
"Шу савол доим берилади. Лекин бир нарсани тушунинг: ҳимоя ҳужумчилардан бошланади. Рақиб ташкил этаётган ҳужумни аввал бизнинг жамоа ҳужумчилари, кейин ярим ҳимоячилар қарши олади. Агар барча чизиқдагилар тўғри ўйнаса, ўшанда мудофаадагилар ҳам яхши кўрсаткичлар қайд этади.
Замонавий футболда ҳужумчи ва ярим ҳимоячиларнинг мудофаага кўмаклашмаслиги бу иложсиз нарса. Кучли жамоаларнинг барчасига эътибор берсангиз, олдинги чизиқдагилар прессинг уюштириб, ҳимоядагиларга ёрдам беради. Ҳужум қилиш чоғида ҳам худди шундай. Биринчи пас доим орқа чизиқдагилардан келади.
- Элдор Шомуродов "Ростов"да ўйнаб юрган пайтлари бош мураббий Карпин уни "қийшиқ оёқ" деб лақаб қўйганди. Умуман сизда Элдор ёки МТЖнинг бошқа футболчилари учун мана шундай лақаб борми?
У мана шу "қийшиқ оёқ"лари билан жуда кўп гол урмоқда. Келинг, Элдорнинг оёғи шундайлигича қолсин.
- Валерий Карпин Ўзбекистонга қарши умуман бошқача таркиб майдонга тушишини маълум қилганди. Бизда ҳам ротация бўладими ёки яна Қозоғистон билан ўйиндаги йигитларни кўрамизми?
"Балки бўлар. Эртага кўрасиз".
Шерзод Насруллаев: Ассалому алайкум, матбуот анжумани иштирокчилари. Эртанги рақибимиз жуда кучли. Мухлисларимизни хурсанд қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- Россиянинг Тожикистон билан дурангидан кейин баъзи футболчилар эртанги рақиб билан бемалол ўйнаса бўларкан деган фикрни билдиришибди. Сиз бунга қўшиласизми?
"Йўқ. Тожикистонга қарши Россия МТЖнинг асосий футболчилари майдонга тушмаган. Шунинг учун беллашув дуранг билан якунланди. Менимча, улар биз билан ўйинда асосий таркибни майдонга ташласа керак.
Фикрлар