Шомуродовнинг нархи қанча? “Ростов” “Женоа”нинг 8 миллионини менсимади ёхуд Элдорга Европадан яна учта таклиф бор

Италия А Серияси иштирокичиси “Женоа” ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов трансфери бўйича “Ростов” билан музокара ўтказоқда.

Аввалроқ, италияликлар 25 ёшли ҳужумчи учун ростовликларга 8 миллион евро таклиф қилгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди. “Ростов” раҳбарияти бу суммани камлигини маълум қилгани айтилмоқда.

Бундан икки ой олдин “Ростов” жамоаси Европа Чемпионлар лигаси олдидан Элдор Шомуродовни ўз таркибига қўшиб олишни истаган Бельгия вице-чемпиони “Гент”нинг ҳам таклифини рад этган эди. Ўшанда бельгияликлар ҳамюртимиз учун беш миллион евро беришга тайёрлигини билдирган.

Футболчиларнинг трансфер маълумотларига ихтисослашгаш transfermarkt порталининг хабар беришича, бу йил Элдор Шомуродовнинг нархи ўсиб, айни пайтда 6,5 миллион еврони ташкил қилмоқда. Бу “Ростов” футболчилари орасида иккинчи кўрсаткич. Ўзбекистонлик футболчилар ўртасида Шомуродов энг қиммат ўйинчи ҳисобланади. “Ростов” ҳужумчи учун 2017 йилда “Бунёдкор”га 300 минг евро миқдорида компенсация тўлаган.

shomurodov8

Россия оммавий ахборот воситалари 2019 йилнинг охирида Германия Бундеслигаси вакиллари Элдор Шомуродовга жиддий қизиқиш билдираётганини ёзган эди. Хусусан, маълумотларга қараганда, ҳамюртимиз учун “Штутгарт” 10 миллион евро, “Шалке” эса бу суммага қўшимча тарзда яна 5 миллион евро бонус беришга рози бўлган.

2019 йилнинг охири ва 2020 йилнинг аввалида коронавирус пандемиясининг авж ола бошлагани жаҳон иқтисодиётига, унинг ортидан футболдаги трансфер бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Натижада, жаҳон футболида кўплаб трансферлар амалга ошмай қолди.

Айни пайтда “Ростов” ўзбекистонлик форвард билан 2024 йилнинг ёзигача шартномага эга. Футболчининг манфаатини ҳимоя қилаётган мутахассислар аввал ҳам Элдорга Россия ва хориждан манфаатли таклифлар бўлаётганини, лекин якуний қарорни клуб раҳбарияти қабул қилишини бир неча маротаба айтган.

Демак, бу галги вазиятда ҳам “Ростов” хўжайинлари шошилмасдан, ўзлари маъқул кўрган сумма айтилмагунча Элдорни “Ростов”да ушлаб турадиганга ўхшайди. Клубдагилар Элдорни қайси нархга қўйиб юборишини айтгани йўқ.

Сўнгги маълумотларга қараганда, "Ростов" раҳбариятида Элдор Шомуродов бўйича Европа жамоаларидан яна учтасининг аниқ таклифи бор. Бироқ, бу клублар номи сир тутилмоқда ва музокаралар қизғин давом этмоқда. 

Нима бўлган тақдирда ҳам, Элдорнинг орзуси рўёбга чиқиб, кучли бешлик чемпионатларидан бирига ўтиши ўзбек футболи учун ҳар томонлама фойдали бўларди. Чунки Шомуродов Италия ёки Германияда яхши ўйнаб кета олса, бу омил ўзбекистонлик футболчилар учун Европага эшик очади.

shomurodova-zhdut-v-germanii_15785139021679727997_2

Шу ўринда, Элдор Шомуродов “Ростов” учун барча мусобақаларда 91 та  учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 18 маротаба аниқ нишонга олгани ва жамоадошларини 12  марта голли вазиятга чиқарганини эслатиб ўтиш жоиз.

Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ҳужумчисига айланган Элдор Шомуродов бош жамоамиз учун 43 та ўйинда 20 та гол урган.

"Женоа" Элдор Шомуродовни оляпти

“Арсенал” Шомуродовни унутгани йўқ!

Қуруқ серияга барҳам берган гол Шомуродов учун тарихий бўлди

Шомуродов “танк"ми?

Шомуродов, Жалолиддинов ва Ўруновга Европа эшиги очиладими?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!