"Шонли тарихга мос жамоа тузишмоқда" - "Насаф"ни тарк этиб, "Нефтчи"га ўтишининг асосий сабаби...

Суперлигага қайтган Фарғонанининг “Нефтчи” жамоаси селекцияда астойдил ишга киришган. Сайтимиз орқали клубнинг трансферлари фаол тарзда ёритиб бориляпти. Таркибни кучайтириш учун турли жамоалардан яхши савиядаги футболчилар таклиф қилиняпти ва шартномалар имзоланяпти.

“Насаф” футбол клуби тарбияланувчиси Дониёр Нарзуллаев ҳам бу йилги мавсумни Фарғонада ўтказишга қарор қилди. У асосан “Насаф” учун ўйнаб келди. Фақат 2021 йилги мавсумни кутилмаганда “Металлург”да бошлашга қарор қилди. Аммо у ердаги фаолияти яхши чиқмади ва бир неча бор захирада қолиб кетди. Оқибатда ёзда яна “Насаф”га қайтиб келди. Бироқ кўриб турганингиздек, Дониёр янги мавсумни яна бошқа жамоада давом эттиришига қарор қилди. Бу сафар водийга, “Нефтчи”нинг чорловига лаббай, дея жавоб қайтарди.

“Нефтчи” Ўзбекистонда бой тарихга эга кам сонли жамоалардан бири. Шундай шонли тарихга эга жамоа билан шартнома имзолаганимдан хурсандман”, - дея фарғоналиклар сафига қўшилгани хусусида гапирди, Нарзуллаев.

дониёр2

Дониёр ўтган йили “Насаф” билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди, ОФК Кубоги финалигача етиб борди. Бир сўз билан айтганда, ёмон мавсум ўтказмади. Таркибда ҳам бинойидек ўйнаб келаётганди. Рўзиқул Бердиев унга ишонч билан қараётганди. Лекин нима сабабдан ўз жамоасини ташлаб кетгани бизга қизиқ туюлганди. Бунга футболчи қуйидагича тушунтириш берди.

“Насаф” менинг уйим! 2021 йил биз учун яхши ўтди, фақат ОФК Кубоги финалидаги мағлубиятни ҳисобга олмасак. Жамоа мени ўз сафида олиб қолишни хоҳлади. Лекин мен мавсум якунида Илҳом ака Мўминжоновга ваъда бериб қўйгандим. Бу қароримни “Насаф” жамоасининг раҳбарияти ва мураббийлар штаби ҳурмат қилган ҳолда менинг кетишимга рози бўлишди. Фурсатдан фойдаланиб, клуб раҳбариятига раҳмат айтиб қоламан".

дониёр3

Шундай қилиб, Дониёр энди “Нефтчи”нинг бир бўлагига айланди. Унинг бутун эътибори янги клубига қаратилади. Чунки мураббийларнинг Нарзуллаевдан умиди катта.

"Боя айтганимдек, “Нефтчи” жамоасини шонли тарихи бор, клуб раҳбарияти тарихга мос жамоа тузишмоқда. Мақсадлар ҳам жиддий. Худо хоҳласа, янги мавсумда фарғоналик мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз", - деди бу борада фтуболчи.

Яна шуни ҳам қўшимча қилмоқчимизки, бу ярим ҳимоячи учун ягона таклиф эмасди. Мавсум тугаётган маҳалда Дониёр Нарзуллаевга қизиқиш билдирган клублар бор эди. Бу хусусида “Насаф”нинг собиқ ўйинчи шундай деди:

“Нефтчи” жамоасидан ташқари яна 3-4 та клублардан таклиф тушди. Лекин менга уларни ичидан “Нефтчи”нинг лойиҳаси ва Илҳом Мўминжоновнниг ўйин услуби ишонч уйғотди. Қолган жамоалар номини айтганимдан фойда йўқ. Чунки “Нефтчи” билан шартнома имзолаб бўлдим. Суперлигада сўнгги тур ўйини олдидан Илҳом ака билан телефонда гаплашдик ва мени ўз жамоасида кўрмоқчи эканлигини, ўйин услубимга мос эканлигимни билдирди ва бу менга жуда ҳам қизиқ туюлди".

нарзуллаев_1

Футболчи “Насаф”да ўйнаб юрган кезларида асосан совринли ўринлар учун курашишга ўрганган ва шунга яраша медалларни ҳам қўлга киритган. “Нефтчи” ҳам Суперлигага қайтгач, олдинги шонли мавқеини қайтариш йўлидан кетмоқда. Албатта, бу қанчалик ўз самарасини беради, буни вақт кўрсатади. Ўзаро мулоқот якунида Нарзуллаев “Нефтчи”га ўтишингиз олдинга ташланган қадамми, деган саволимизга қуйидагича муносабат билдирди:

"Кўпчилик футбол мухлислари “Нефтчи”ни про лигадан Суперлигага чиқди ва элитада аутсайдерлар қаторида бўлиб, жон сақлаб қолиш учун курашади, деб ўйлашмоқда. Лекин бу фикрлар нотўғри эканлигини мавсум давомида кўрсатишга ҳаракат қиламиз. “Нефтчи” ҳам “Насаф” каби кучли жамоа. Ўзининг анъаналарига ва ашаддий мухлисларига эга жамоа. Шунинг учун бу қарор туфайли фаолиятимда олдинга ҳам орқага ҳам қадам ташладим дея олмайман. Бу мен учун янги чақирув бўлди".

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!