Шота Арвеладзе: Жамоамиз сафига келган ҳар бир ўйинчи яхши ўйнаб кета олмаслиги мумкин

Ўзбекистон Coca Cola кубоги финали олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Пахтакор" устози Шота Арвеладзе ва жамоа сардори Егор Кримец иштирок этиб, муҳим беллашув ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

"Барчага хайрли кун. Ҳаммага соғлиқ тилайман. Қўқондаги ўйиндан кейин энг кучли жамоалар ярим финалга етиб келганини айтгандим. Финалда ҳам шундай. Рақибимиз яхши жамоа. Аввалги икки финалда ҳам шу клуб билан тўқнаш келгандик. Мавсумни барқарор ўтказдик деб ўйлайман. Финал қийин ва қизиқарли кечади. Рақиб финалда ўйнашни яхши биладиган жамоа.

Ўйлайманки, анча яхши мавсум ўтказдик. Миллий биринчиликда анча барқарор футбол намойиш этдик. Афсуски, ОЧЛда анча эрта мусобақадан чиқиб кетдик, биз узоқроққа бора олардик. 

Бизда ҳар қандай таркиб жанговар. Улар мавсум давомида кўп нарсаларни исботлаб улгурди. Таркибдаги ҳар бир футболчи етарлича салоҳиятга эга. Фаррух Сайфиев сариқ карточкалари кўпайиб кетгани учун ўйнамайди. 

Футболда имкон борича яхши шароитларни яхши даражага келтириб, барчаси доимий ўсиб боришига уриниш лозим. Айтайлик, майдон, ёритиш тизими ёки бошқа жиҳатлар бўйича муаммолар бўлмаслиги керак.

Совринларга эга чиқиш доимо ёқимли. Биз бунга барқарор эришаётганимиз янада хурсандчилик беради. Ҳеч бир жамоа бирор совриндан кейин тўхтаб қолишни хоҳламайди. Биз янги-янги ғалабалар учун интиламиз.

Янги йилда мен Грузияга кетаман. Байрамни ўз уйимда кутиб олиб, кейин яна қайтаман. Таклифлар бўлиши мумкин, аммо менда шартнома бор ва биз бу ерга менинг келажагим ҳақида гаплашгани йиғилмаганмиз. Олдимизда финал турибди. 

Бизга консультантлар етарли. Янгиларини излашга ҳожат йўқ. Ҳаммаси шуғулланиш ва ўз устида ишлашга боғлиқ.

Жамоамиз сафига келган ҳар бир ўйинчи яхши ўйнаб кета олмаслиги мумкин. Бутун дунёда шундай. Яхши футболчилар кучлироқ клубларга ўтишади. Таркибимизда ўзимиздан чиққан тарбияланувчилар кўп. Кримец, Машарипов, Сергеев, Анзур Исмоилов, Алижонов, Козак, Собиржонов, Эркинов, Сидиқов. Қолаверса, легионерларни ортиқча жалб этмай маҳаллий футболчиларни харид қиляпмиз. Бу эса пуллар ўзбек футболида қолади дегани", - деди Арвеладзе.

Жамоанинг етакчи ҳимоячиси ва сардори Егор Кримец ҳам учрашув олдидан қисқача фикр билдириб ўтди:

- Яна бир ҳал қилувчи баҳсга етиб келганимиздан хурсандман. Мавсумни соврин билан юқори кайфиятда якунлаш имкониятига эгамиз. Мухлисларга чиройли ва ҳужумкор ўйин намойиш этиб беришга интиламиз. Водийда футболни жуда ёқтиришади. Биз уларга хуш келадиган ўйин кўрсатишга уринамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
нодирбек.фк насаф
19/12/2020 15:15
Шота аут санга УЗБЕКИСТОНДА ЯХШИ МУРАББИЙИ БУЛИШГА ЛОЙИКМАССАН БИРОНТА ИШНИ КОЙИЛЛАТИБ КУЙ КИГИН ГАПЛАШАМИЗ