Шохруҳ Ишанов: "Бугун очиқ футбол бўлди ва рақиб бизни 3 та гол билан жазолади"
“Андижон II” жамоаси Ўзбекистон Coca-Cola кубоги гуруҳ босқичининг 2-турида Ғузорда “Шўртан”га йирик ҳисобда ютқазди. Беллашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Шоҳруҳ Ишанов матбуот анжуманида қатнашди.
- Авваламбор рақиб жамоани бугунги ғалаба билан табриклаймиз. Ўз жамоамга келсак, футболчиларга катта раҳмат. Майдонда бор кучини беришди. Қўйилган вазифаларни бажардилар. Очиқ ўйин ўйнадик. Биринчи турда “Олимпик”ка қарши ҳимоявий тактикада ўйнагандик. Бугунги учрашувда ҳимоявий ўйинда 15-20 дақиқа ўйнадик, кейин очиқ футболга киришиб кетдик. Натижада бўш ҳудудларимиз пайдо бўлди ва рақиб бизни учта гол билан жазолади.
- Жамоа ёш футболчилардан ташкил топган. Уларга жон-жаҳдингиз билан кўрсатмалар бердингиз. Клуб раҳбарияти олдингизга қандайдир мақсад қўйганми?
- Бизда вазифа йўқ. Албатта, ҳар бир учрашувга ғалаба учун тушамиз. Биз ёш жамоамиз, раҳбарият ҳам ёшларни олиб чиқишни мақсад қилиб қўйган. Ўйинчиларимиз 2005 йилда туғилган. Ўтган сафар ҳам, бугунги учрашувда ҳам улардан 9 нафари асосий таркибда майдонга тушишди. Доим ғалаба учун курашишимизни айтиб келаман. Бу футбол, кимдир ютқазади, кимдир ютади. Бугун биз ютқаздик, рақибнинг омади келди.
- Биринчи голда дарвозабонга кескин эътироз билдирдингиз. У эртароқ чиққанида гол бўлмасмиди? Биринчи голда кўпроқ кимни айблайсиз?
- Ўйинда жамоа ўйнайди. Кимнидир айблаш қийин. Бешта футболчи ёпаётган ўйинчига тўп узатилди. Хато ўша ердан кетди. Орқада қолиб кетган икки ўйинчимизнинг кучи етмай қолди. Биламанки, футболда дарвозабон бир қарорга келдими, уни охиригача бажариши керак. Олдинга ташланди, аммо иккинчи қарорида орқага қайтиб кетди. Тўп дарвозабонники эди. У ҳужумчига бемалол тўпни тепиши учун йўл қўйиб берди.
- Биринчи бўлимда эрта ўйинчини алмаштирдингиз. Ҳужумчи ўрнига ярим ҳимоячи туширилди. Бу ҳисоб йириклашиб кетмаслиги учунми ёки ҳужумчи ўзини оқламадими?
- Ҳужумчи ҳам, ярим ҳимоячилар ҳам 2005 йилда туғилган футболчилар. Шунинг учун уларни тезроқ алмаштириш керак эди. Ўтган сафар ҳам айтдим, бунақа катта майдонга биринчи бор тушиб ўйнаяпмиз. Шу боис ўйинчиларни тез-тез алмаштириб туриш ва барча футболчиларга имкон беришим керак. Профессионал футболнинг ҳавосидан нафас олишлари лозим. Охирида дарвозабонни ҳам алмаштирдик, ўрнига ёш посбонни туширдик.
- Майдонда тиббиёт ходими битта эканлигига гувоҳ бўлдик. Оғир ўйинларда тиббиёт ходимининг битталиги камлик қилмайдими? Мураббий сифатида қўшимча тиббиёт ходимларини сўрамаганмисиз?
- Биз энди ташкил топган жамоамиз. Камчиликларимизни аста-секин бартараф этяпмиз. У тажрибали шифокор, ҳамма нарсаси етарли. Ҳомийимиз ва академия раҳбарларига раҳмат, барча нарсани қилиб беришяпти. Биздан ўйнаш қоляпти.
Фикрлар