Шохруҳ Ишанов: "Жамоамиз олдида Суперлигага чиқиш вазифаси бор, фақат..."
Про-лиганинг 10-туридан ўрин олган “Навбаҳор-фарм” – “Андижон-SGS” (1:0) учрашувидан сўнг, меҳмонлар устози Шоҳруҳ Ишанов журналистларнинг саволларига жавоб берди. У одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Ассалому алайкум! Аввало “Навбаҳор-фарм” ва мазкур жамоа мухлисларини бугунги ғалаба билан табриклайман. Учрашув ҳужумкор ва шиддатли тарзда кечди. Аммо биз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Шунингдек, пенальтини ҳам амалга оширолмадик. Чап қанот ҳимоячимиз Дилмурод Абдуқаҳҳоров майдондан четлатилганидан кейин эса бироз қийинчиликка дуч келиб, ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқишга мажбур бўлдик.
- Шогирдларингизда учрашувнинг 60-дақиқасидан сўнг, жисмоний тарафдан муаммолар юзага келди. Бу нима билан боғлиқ?
- Қизил карточка ва пенальтидан самарали фойдалана олмаганлигимиз йигитларга руҳий тарафдан таъсир ўтказди. Ўзинглар кўрдинглар, чап қанотни яхши ёпа олмадик. Мезбонлар ўша қанотдан ҳужумни кучайтиришди. Шогирдларимнинг жисмоний ҳолатлари яхши. Таъкидлаганимдек, юқоридаги омиллар йигитларга салбий таъсир ўтказди.
- “Навбаҳор-фарм” билан ўтган мавсумда биринчи лига баҳсларида ҳам рақиб бўлгандинглар, яъни, жамоа сизга бегона эмас. Айтинг-чи, ўтган йилги “Навбаҳор-фарм” билан бу йилгисининг орасида фарқ борми?
- Албатта, фарқи катта. “Навбаҳор-фарм” футболчилари майдонда бир-бирларини яхши тушунишяпти ва мураббийнинг кўрсатмаларига тўлиқ амал қилишяпти. Биз бу ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. Бироқ яна бир марта такрорлайман, қизил карточка ва пенальтидан гол уролмаганимиз йигитларга руҳан таъсир қилди.
- “Андижон-SGS” про лига жамоалари орасида ўз дарвозасидан энг кўп тўп ўтказиб юборган. Бу борада иш олиб бориляптими?
- Албатта, ишлаяпмиз. Ҳимоячиларимиз 2005 йилда таваллуд топишган ва улар ўйиндан – ўйинга ўз тажрибаларини ошириб боришяпти. Бу борада мураббийлар штаби биргаликда иш олиб боряпмиз. Мен уларни ёш дея олмайман. Чунки футбол ёш танламайди ҳамда мазкур футболчилар секин-аста ўсишга эришишмоқда. Вазифамиз – мухлислар учун чиройли ўйин намойиш этиб, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Бугун омад “Навбаҳор-фарм” томонида бўлди.
- “Андижон-SGS” хусусий клуб ҳисобланади. Жамоангиз мисолида клубларни хусусийлаштириш борасида нима дея оласиз?
- Клубларни хусусийлаштиришнинг фойдаси катта. “Ширингазсервис” раҳбарияти Андижон футболи ривожи учун катта ҳисса қўшмоқда. Жумладан, болалар футболи ҳам ривожлантириляпти. Шунингдек, нафақат футбол, балки яқинда халқаро кураш бўйича ҳам мусобақа ўтказилди. Умуман олганда, “Ширингазсервис” раҳбарлари болалар ва ёшлар спортини ривожлантириш йўлида катта ишларни амалга оширишмоқда ҳамда бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- “Андижон-SGS” мақсадли жамоа ҳисобланади. Мақсад - вилоят футболига маҳаллий маҳоратли футболчиларни етказиб беришми ёки жамоа олдига Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси ҳам қўйилганми?
- Албатта, жамоамиз олдида ҳам Суперлигага чиқиш вазифаси бор. Фақат буни маҳаллий футболчилар билан амалга оширишни режалаштирганмиз ва бу йил эмас, балки бир-икки мавсум давомида про лигада тажриба орттириб, кейин Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш олиб борамиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар