"Шу пайтгача у билан ишлаш имкони бўлмаганди" - "Қизилқум"нинг янги легионери устозига юқори баҳо беряпти

  • 20 январь, 05:41
  • Шуҳратбек Жўраев
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

“Қизилқум” клуби янги мавсум учун тайёргарлигини ва шу билан бирга селекция ишларини давом этиряпти. Жумладан, яқинда сербиялик ҳимоячи Душан Мийич навоийликлар билан мавсум охирига қадар шартнома имзолади.

Ёдингизда бўлса, ушбу легионер охирги бир ярим йилни Самарқанднинг “Динамо”сида ўтказганди.  У ерда ҳаммаси бўлиб, 41 та ўйинда 2 та гол урди ва 1 та ассистни бажарди. Эндиликда бор эътиборини янги жамоасига қаратган.

Душман Мийич “Қизилқум” футболчисига айлангач, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- “Қизилқум” клубига ким таклиф қилди ва уни қабул қилиш учун нима сабаб бўлди?

- “Қизилқум” томонидан таклифни менга клуб мураббийи Никола Лазаревич юборди. Шу пайтгача у билан ишлашим учун имкон бўлмаганди. Энди шундай имконият менда юзага келиб турибди. Аммо унинг ўз ишининг устаси ва яхши натижаларга эришганидан хабардорман. Мураббийлик фаолияти давомида қаерда ишлаган бўлмасин,  ҳар доим аъло натижаларни кўрсатиб келаётганини биламан.

- Бош мураббий билан илк суҳбатингиз қандай кечди?

- У билан илк бор гаплашганимда менга клуб режалари ва мақсадлари ҳамда мендан нимани кутишини тушунтириб берди. Лазаревич менда жуда ҳам яхши таассурот қолдирди. Унинг қўл остида тезроқ майдонга тушишни ва ҳамкорлигимиз муваффақиятли чиқишини ўйлаб, ҳозирдан ичим қизиб кетяпти.

- Шунингдек, сизда яна бошқа қизиқарли таклифлар ҳам бор эи-а?

- Менда бошқа таклифлар ҳам етарли эди. Жумладан, Ўзбекистон ва бошқа мамлакат клублари хизматимга қизиқиш билдиришганди. Лекин мураббий билан суҳбат ўтказгач, “Қизилқум” энг маъқул вариант эканлигини тушуниб етдим. Асосийси, бу ерда ишлаш учун ажойиб шароит муҳайё қилинган. Раҳбарият футболчилар учун энг яхши шарт-шароитларни тайёрлаб қўйган.

- “Динамо” клубидаги ишингизга қандай баҳо берган бўлардингиз ва бу сизга ёқдими?

- “Динамо”да бир ярим йил тўп сурдим ва биз ўз олдимизга қўйилган вазифани бажара олдик. Айтиш керак, ҳамкорлигимиз жуда ҳам яхши чиқди ва охир-оқибат биз чиройли тарзда хайрлашдик. “Динамо” клубида кўплаб дўстларим қолди ва ушбу жамоани қолган ҳаётимда ҳам эсимдан чиқармайман. Ўзаро ҳамкорлигимиз муваффақиятли чиқди, дея бемалол айта оламан.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!