Шуҳрат Мақсудов "Бунёдкор" футболчилари 3 ойдан бери маош олмаётгани, селекциядан кўнгли тўлмагани, "Навбаҳор"га қарши ўйин ҳақида гапирди
Ўзбекистон кубоги доирасида "Бунёдкор" - "Навбаҳор" баҳси бўлиб ўтди. Беллашувда Тошкентликлар 1:0 ҳисобида заар қучишди. Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида "қалдирғочлар" бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ассалому алайкум. Бугун жанговар ўйин кўрдик. Футболчиларимизга раҳмат айтмоқчиман. Уч ойдан буён ойлик олмаяпмиз, клубдагилар ҳам ўйинни, ҳам бошқа харажатларни ўйлаяпти. Ҳомийимиз аввал жамоага таянч бўлиб, катта ёрдам бераётганди, энди клубни ҳокимликка ўтказмоқчи бўлишди, жамоа қийин аҳволда қолди. "Навбаҳор"га кейинги ўйинларда омад тилайман.
Қайсидир жамоа кучли футболчиларни олиб келиб, уларга суянади. Мен эса ҳозир таркибимиздаги футболчиларга ишонч билдираман. Бугун ҳам айрим ёшларга маҳорат етишмади. Лекин ҳозирги ҳолатимиз шундай.
Йигитларга ҳисобни сақлаб қолиш учун кўрсатма бермагандим, албатта, натижани ҳам ўйлаймиз. Футболчиларга танаффусда айтдик, "Навбаҳор" ютқазаётгани сабаб олдинга ўтиши аниқ эди, шунга қарамай, йигитларга энг яхши ҳимоя ҳужум эканлигини тушундирдик. Атайин ҳимояга ётиб олганимиз йўқ. Ҳамма жамоалар қатори биз ҳам рақибни ўйиндан олдин ўрганамиз. Бусиз иложи йўқ. Жамоамизнинг бу йилги селекция жуда зўр бўлмаган, шу боис, иложи борича майдонга тушиб, мухлисларни хурсанд қилиб, ғалаба қозонишга интилишни хоҳлаймиз, - деди Шуҳрат Мақсудов.
Фикрлар