Шуҳрат Мирхолдаршоев: Водийда футболни уйғотиш керак
Ads

 

Наманганнинг “Навбаҳор” клубида ўзининг юлдузли онларини кейинчалик “Андижон” ва “Машъал” таркибида ҳам ҳаракат қилган Шуҳрат Мирхолдаршоев ўзбек футболи тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Мен ўтган мавсумда иштирок этган барча клубларни кузатдим. Чемпионлик ва Кубокни қўлга киритган “Локомотив”га қойил қолдим. Улар бир неча йиллик меҳнатларининг самарасини кўришди. Энг ачинарлиси шундаки, “Андижон” биринчи лигага йўл олди. “Навбаҳор” эса ўтиш ўйинига қолиб кетти. “Нефтчи” олдингидай бош соврин учун курашмай қўйди. Бу ҳудди водий футболи ухлаб қолгандай кўринмоқда. Ўз навбатида, мухлислар ўз суюклиларидан ҳафа бўлишмоқда.

“Навбаҳор” натижа кўрсата олмаганга яраша чиройли ўйин ҳам қила олмади. Аммо клуб ёшларга эътибор берди. Наманганликларнинг бундай натижа қайд этишида мураббий ва раҳбарларда айб йўқ. Чунки ўзим футболчи бўлганман. Буни яхши тушанаман. Майдонда футболчи ҳаракат қилади. Мураббий эмас. 

Биринчи лигада ҳаракат қилган “Динамо” олий лигага чиқди. Эътиборлиси шундаки, биринчи лига аутсайдери ҳисобланган “Норин” якунда иккинчи ўринни эгаллаб барчани лол қолдирди.

“Қўқон-1912” ҳам чемпионат ҳавосига мослашди. У олий лигада қолишни уддаламоқда. Аммо чемпионлик учун кураш пойтахт ва воҳа томонга ўтиб кетди. Водий футболини уйғотиш керак. Бизда барча шароитлар етарли. Лекин буни футболчи биринчи навбатда юракдан ҳис қилиши керак, - дейди Шуҳрат Мирхолдаршоев.