Собиқ иттифоқ республикалари орасида Евро-2024 га тўғридан-тўғри йўлланма олиш учун энг яхши имконият қўшниларимизда!
2024 йил Германия мезбонлигида ўтадиган Европа чемпионатининг саралаш баҳслари ўзининг ҳал қилувчи палласига яқинлашмоқда. Куни кеча Франция, Бельгия ва Португалия терма жамоалари Евро-2024 йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритишди. Собиқ совет республикалари орасида ушбу турнирнинг финал раундига чиқиш учун энг яхши имконият Қозоғистон терма жамоасида бўлиб турибди. "H" гуруҳидан ўрин олган қўшниларимиз 6 ўйиндан сўнг 12 очко жамғарган ҳолда, тўплар нисбатига кўра ўз гуруҳида 4-ўриндан жой олган. Пешқадам билан орадаги фарқ 1 очко.
Бугун қозоғистонликлар Дания меҳмони бўлади ва агар қўшниларимиз Астанадаги (Қозоғистон ажойиб "камбек" эвазига Данияни 3:2 ҳисобида мағлуб этган) натижани такрорлай олишса, у ҳолда Европа чемпионатига чиқиш имкониятларини анча яхшилаб олишади.
Шунингдек, бугун гуруҳ пешқадами Словения 3-ўрин эгаси Финландия билан ўйин ўтказса, аутсайдерлар ҳам ўзаро тўқнаш келишади.
"H" гуруҳи, 7-тур, бугун
18:00 / Ш. Ирландия - Сан Марино
21:00 / Словения - Финландия
23:45 / Дания - Қозоғистон
Бўлажак ўйинлар ҳақида
17 октябрь куни Қозоғистон Скандинавиянинг бошқа бир мамлакати - Финландияда меҳмон бўлади. Бу ўйин ҳам қўшниларимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Астанада ўтган илк ўйинда финлар минимал ҳисобда зафар қучишган эди.
Ноябрь ойида эса Қозоғистон терма жамоасини очко улашувчи Сан Марино ва "карвонбоши" Словенияга қарши ўйинлар кутиб турибди. Бўлажак ўйинлар тақвими борасида йўлланма учун курашаётган тўртала жамоа орасидан Финландия ва Дания бироз омадлироқ кўринмоқда. Ушбу терма жамоаларнинг гуруҳ аутсайдерлари Шимолий Ирландия ва Сан Маринога қарши нисбатан осон ўйинлари бор.
Собиқ иттифоқдаги бошқа республикаларининг имкониятлари қандай?
"А" гуруҳида Испания, Шотландия, Норвегиядан кейин 4 очко билан 4-ўринда бораётган Грузияда Еврога тўғридан-тўғри чиқиш имконият қолмаган. Фақатгина назарий жиҳатдан Миллатлар Лигасидаги плей-офф орқали турнирга йўл олиши мумкин.
Украинада эса вазият Грузиядан яхшироқ, аммо Англия ва Италия ўрин олган гуруҳда тўғридан-тўғри йўлланмалар учун курашиш осон кечмаяпти. Шевченко юртдошлари гуруҳда 3-ўринда боришмоқда, 5 ўйинда 7 очко жамғарган. 2-ўриндаги Италия 4 ўйин орқали худди шунча очко жамғарган. Украиналикларнинг ҳам плей-офф ўйинларидаги имкониятлари яхшироқ.
Туркия ва Хорватиядан сўнг, "D" гуруҳида 3-ўринни эгаллаб турган Арманистон сўнгги турда кутилмаганда Латвияга ютқазиб қўйди. Натижада, 2-ўрин учун курашдаги имкониятларини пасайтириб юборди.
"E" бешлигида Албания, Польша ва Чехиядан кейинги ўринни эгаллаб турган Молдова эртага сафарда Левандовски бошчилигидаги Польша билан ўйнайди. Агар сенсация рўй берадиган бўлса, у ҳолда молдоваликлар ўз гуруҳида 2-ўринга кўтарилиб олишлари мумкин. Аммо, Молдованинг олдиндаги икки ўйин ҳам осон кечмаслиги аниқ: Прагада Чехияга қарши, ўз уйида етакчи Албания билан ўйнайди.
Ўз гуруҳида 4-ўринда бораётган Озарбайжоннинг ҳолати Грузияникига ўхшаш. 2-ўриндаги Австрия билан фарқ 9 очко. Умид фақат Миллатлар Лигасидаги плей-оффдан.
Беларусь ва Литвада назарий жиҳатдан ўтиш ўйинлари орқали Евро-2024 га чиқиш имконияти сақланиб қолинган. Латвияда эса Германияга олиб борувчи барча эшиклар ёпилиб улгурган.
Барча гуруҳлардаги вазият билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
Фикрлар