"Сўғдиёна" - "Бунёдкор" ўйини олдидан! Агар статистикага ишонсак...

Бугун Суперлигада иккинчи даврага старт берилади. Шу куннинг ўзида учта ўйин ўтказилади.

Жиззахда “Сўғдиёна” клуби Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қабул қилади. Ёдингизда бўлса, биринчи даврада “Бунёдкор” майдонидаги баҳсда жамоалар дарвозаларга гол ура олишмаган.

Мазкур учрашув жамоаларнинг ўзаро 26-тўқнашувига айланади. Каттагина устунлик “Қалдирғочлар” томонида. Гап шундаки, “Сўғдиёна” чемпионат баҳслари мобайнида фақат икки марта “Бунёдкор”ни ютган. 2015 ва 2019 йиллардаги ўйинларда жиззахликлар ўз майдонида бир хил – 2:1 ҳисоби билан устунликка эришган. “Бунёдкор” бўлса 16 та учрашувда ғолиб чиққан. Қўшимчасига 7 та беллашувда кучлар тенг келиб қолган. Табиийки, тўплар нисбатидаги фарқда ҳам катта устунлик меҳмонлар томон ён босган. “Сўғдиёна”да 15 та гол бор, “Бунёдкор”да эса 51 та.

“Бунёдкор” Жиззахда охирги бор 2018 йилги чемпионатда 1:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Шундан бери мағлубият билан дуранг қайд этиб келмоқда.

Дарвоқе, жамоалар ўртасидаги ўйинларда 4 марта йирик ҳисоблар қайд этилган бўлиб, қизиғи, барчасида “Бунёдкор” рақибини “ер тишлатган”. Уч марта 5:0 ва бир бор 6:1 ҳисобида “Сўғдиёна” тиз чўктирилган.

Аммо бу фақат статистик рақамлар холос. Агар статистикага ишонадиган бўлсак, ҳозир “Бунёдкор” турнир жадвалида “Сўғдиёна”дан юқорида туриши керак эди. Бироқ бундай эмас! “Сўғдиёна” 4-ўринда, “Бунёдкор” эса 7-поғонада боряпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!