"Сўғдиёна" нега аламзада? Бу тур ким учун охирги синов? Сиз бундай ўйинларни кўрмасангиз бўлмайди, сабаби...
Кечаги Суперлигамизнинг 7-ўйинлариин тугатгандик, дарров 8-тур эшик қоқиб турибди. Учрашувлардаги шиддат янада жиддий тус оляпти. Чемпионатда энди ғалабасиз клублар қолмади. Таниқли мутахассис Баҳром Ҳакимов навбатдаги жуфтликлар юзасидан муносабатини билдирди.
10 май (сешанба)
“Нефтчи” – “Олимпик”
- “Нефтчи” бош мураббийи Илҳомжонга охирги синов. Раҳбарият қўллаб-қувватлаши мумкин. Лекин мухлисларни алдаб бўлмайди. Нима бўлса ҳам, ўз уйида кетма-кет ютқазиш оғир. “Олимпик”ни оладиган бўлсак, бундан олдин дуранг ўйнади. Тўғриси, “Олимпик” жамоасининг ўйини ёқяпти. Улар шунчаки ўйнамайди. Ҳар бир мураббий Илҳом Мўминжоновнинг ҳолатига тушиб қолиши мумкин. Бу вазиятдан фақат ғалаба орқали чиқиб кетиш мумкин. Мухлисларга нима керак? Ғалаба! Фоиз бўйича қарасак, 60х40. Бу билан “Олимпик”ни обрўсини туширмоқчи эмасман. Биламан, уларга ҳам ғалаба керак. Лекин муваффақият ҳозир кўпроқ “Нефтчи”га зарур. Лекин Тимур Кападзенинг ўз услуби бор.
“Бунёдкор” – “Металлург”
- “Бунёдкор” Наманганда ютқазди. “Металлург” дуранг ўйнади. Бекобод жамоасида хорижлик мураббий ишлаяпти. Чет элдан мутахассис келганидан кейин барибир унинг клуби пастда юрмаслиги керак-да. Ўзимиздаги мураббийлар ҳам клубни ўша ўринларда олиб юраверади. Қаердадир ўқиб қолдим, испанча футбол деган гапни. Испанияда ўзининг менталитети бор. Бизда эса ўзимизни менталитетимиз мавжуд. Хориждан келган мураббий арзон пулга ишламайди-ку, тўғрими? Бу жуфтликда қизиқ ўйин бўлади. Шуҳрат Мақсудовда оғир кунлар, жамоаси мағлубиятга учраяпти. Ёшларни ўйнатадими, катталарними мухлисларга қизиғи йўқ, уларга жамоаси ютса бўлди. “Бунёдкор”га орқага қайтиш йўқ. Жамоанинг ўйинларини кўрдим, ёшлар кўпроқ. “Металлург”да тажрибали ўйинчилар бор. Бу клуб ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Агар “Бунёдкор” яна ютқазса бош мураббийга қийин бўлиб қолади.
11 май (чоршанба)
“Қизилқум” – АГМК
- “Қизилқум” 1-ўринда кетяпти. АГМК сардори Санжар Турсунов ўтган турда жароҳат олди. У жамоада катта роль ўйнайди. Ўтган йили Лутфулла Тўраев “Бунёдкор”да қандай муҳим ўйинчи бўлган бўлса, Турсунов ҳам АГМКда шундай. Менимча, имкониятлар 55х45. “Қизилқум”да катта мақсад қўйилган, тажрибали футболчилар жамланган. Маблағ ҳам кўп ишлатишяпти. Эртага пул бераётганлар ҳам натижа нима бўляпти, деб сўрашади. Менимча, “Қизилқум”ни ғолиб чиқиш имконияти кўпроқ.
“Локомотив” – “Қўқон-1912”
- Биламан, “Қўқон-1912”нинг ҳолати қийин. “Локомотив” иккита ўйинда ютиб, ўйинини топиб оляпти. Қўқон жамоасини бошқараётган шогирдим Бахтиёр Ашурматов ҳам ютқазишни ёмон кўради. Қаттиқ ўйин бўлади. “Қўқон-1912”да яхши футболчилар йиғилган. Фақат бироз молиявий муаммо бўлганида бу кайфиятга ҳам таъсир қилгандир. Лекин жамоага пастки поғоналарда бўлиш ярашмайди. Бу йил ўзбек футболини 110 йиллик тўйи. Байрамга муносиб бўлиши учун ҳам қўқонликларга ғалабалар керак.
“Динамо” – “Навбаҳор”
- “Навбаҳор” кучайган. Ашаддий мухлислари ҳар сафар ғалаба кутишади. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигасини. Аммо “Динамо” ҳам қараб турмайди. У ерда хорижлик мураббий ишлаяпти. Улар катта пул олади, яхши жамоа тузганини исботласин. Футболчиларни ҳам ўзи чақирган. Лекин бу учрашувда “Навбаҳор” ютқазмайди. Бироқ “Динамо” ҳам мағлуб бўлмасликка ҳаракат қилади. Наманганликларда ўйинчиларнинг маҳорати бўйича устунлик бор. “Динамо” ўз майдонида мухлислари қаршисида кучли иштиёқ билан тўп суриши мумкин. Аммо наманганликлар бундай имкониятни қўлдан чиқариб юбормаса керак. Омад кимга кулиб боқса, ғалаба ўша жамоада бўлади. “Навбаҳор” футболчилари савияли. Клуб ана шу савия орқали ҳам ютиши мумкин.
12 май (пайшанба)
“Пахтакор” – “Сурхон”
- “Сурхон” ўтган турда “Қўқон-1912” устидан муваффақиятга эришиб, илк ғалабасини қўлга киритди. “Пахтакор”ни “Насаф” билан бўлган учрашувини кўрдим. “Пахтакор”нинг ғолиб чиқиш имкониятини 70х30 баҳолайман.
“Сўғдиёна” – “Насаф”
- Қаттиқ кураш бўлади. “Сўғдиёна” АГМКга ютқазгач, ҳозир аламзада. “Насаф” тезроқ ўзига келиб олиши керак. Уларнинг ёш ўйинчилари Осиё Чемпионлар лигаси 1\8 финалига чиқдик деб бироз бўшашиб қолишлари ҳам мумкин. Ўйлайманки, Рўзиқул Бердиев шогирдларини қандай тайёрлашни билади. Ўтган турда мухлислар “Насаф” “Пахтакор”ни ютади деб ўйлаганди. Жиззахдаги ўйинда 50х50, имкониятлар тенг.
Фикрлар