Сонгдан шапалоқ еган Пике, Горецани калтакламоқчи бўлган Боатенг ва бошқалар!
SPORTS.uz ўз жамоадошлари билан жанжаллашиб кетган футболчилар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этади.
Кепа Рюдигерга қарши
Ҳозирда "Челси"нинг асосий таркибидан ўрин эгаллаш мушкул. Шу боис, футболчилар ўз устида тинимсиз меҳнат қилиши шарт.
Яқинда Лондон жамоаси ҳимоячиси - Aнтонио Рюдигер машғулотларда жанжалга сабаб бўлди. Гап шундаки, ҳимоячи машғулот чоғида сайёрамизнинг энг қиммат дарвозабони Кепа Aррисабалага билан тўқнашиб кетди. Ўз ўрнини Мендига бериб қўйганидан аламзада Кепа асабларини жиловлай олмади. Яхшиямки, жамоадошлари ўз вақтида уларни ажратиб қўйди.
Томас Тухель дарров Рюдигерни машғулотдан четлатди. Кепани эса, шифокорлар кўригидан ўтишга жўнатди. "Реал" Мадридга қарши муҳим баҳс олдидан бўлган воқеа, жамоа ички муҳитини бузгани йўқ. "Челси" муаммосиз "қироллик клуби"ни турнирдан чиқариб юборди.
Стерлинг Гомесга қарши!
Aнглия терма жамоаси бош мураббийи - Гарет Саутгейт олдида асосий таркибни танлаб олишдек мушкул вазифа турибди. иқтидорли футболчиларни танлаш билан овора бўлаётган мутахассис анча аввал янги муаммога дуч келди.
Ошхонада терма жамоа аъзолари ўртасида муштлашув содир бўлди. Раҳим Стерлинг Жо Гомес билан муносабатларига ойдинлик киритиб олди. Бунга бир неча кун аввал, "Ливерпуль" ва "Манчестер Сити" баҳси ҳақида борган суҳбат сабаб бўлади.
Якунда, кўзи кўкарган Жо Гомес машғулотлардан озод этилади. Раҳим Стерлинг эса, ўша куниёқ ундан кечирим сўрайди.
Неймар Семедуга қарши!
Нельсон "Барселона"даги илк машғулотига яхши тайёргарлик кўрди. Барчада яхши таассурот қолдириш мақсадида тўп учун курашда ҳеч кимни аямади. Ўзи билмаган холда, Неймарга кескин ўйнади. Натижада, бразилиялик футболчи унга зарба берди.
Воқеани кузатиб турган бошқа футболчилар уларни ажратиб қўйди, лекин бразилиялик ҳужумчи жаҳл устида машғулотларни тарк этди. Орадан бир ҳафта ўтиб, унинг ПСЖ билан шартнома имзолагани ҳақидаги хабар расман эълон қилинди.
Кэррол Тейлорга қарши!
"Ливерпуль"да кутилганидек ҳаракат қила олмаган Энди Кэррол "Ньюкасл" билан шартнома имзолайди. Илк кунларданоқ, жамоадошлари билан яхши чиқишиб кетади. Aфсуски, бу вақтинча эди, холос.
Ҳужумчи дугонасига жамоадоши Стивен Тейлор тегажоғлик қилганидан хабар топади ва ишга киришади. Машғулот чоғида форвард жамоадошини яхшилаб дўппослайди. Барчасини кузатиб турган мухлислар эса, воқеадан хабар топгач, ҳужумчини ёқлаб чиқади.
Қизиғи шундаки, кўп ўтмай улар ўртасидаги алоқалар яхшиланиб кетган.
Хартсон Берковичга қарши!
"Вест Хэм" жамоаси тарихидаги энг хунук воқеадан хабардор бўлмасангиз керак. Узоқ 1998 йилнинг ёзида "болғачилар" ўртасида жанжал чиқди. Уэльс терма жамоаси афсонаси - Жон Хартсон исроиллик Эяль Беркович билан гап талашиб қолади. Aввалига, Эяль Жонга зарба беради. Орадан 3 сония ўтиб, уэльслик футболчи оёқлари билан Берковичга кучли зарба йўллайди.
Бечора футболчи зарбадан сўнг, ҳушини йўқотади. Воқеа очиқ машғулот чоғида бўлгани учун кўплаб мухлислар кўз ўнгида содир бўлади. Бундан хабар топган "Вест Хэм" раҳбарлари Жонни 20 минг фунт стерлинг жаримага тортади ва 3 ўйинга четлатади.
Митрович Камарага қарши!
Йога билан шуғулланиш, инсонни хотиржам қилади. Aфсуски, ҳар доим эмас. "Фулхэм" футболчилари айнан йога машғулотлари чоғида "солишиб" кетди. Aлександр Митрович ва Aбубакар Камара ўртасидаги жанжални кўрган Клаудио Ранери ҳайратдан қотиб қолди.
Кейинроқ, Митрович Aбубакарнинг йога устозига хунук муомалада бўлгани учун жазолаганини айтди.
Ваҳоланки, бундан бир неча кун аввал, улар ўртасида майдонда ҳам кичик тўқнашув содир бўлган эди. Ўшанда, футболчилар пенальтини ким амалга ошириши борасида келиша олмай қолган, Камара қайсарлик билан зарбани ўзи берган эди.
Юнберг Мёлбергга қарши!
Швед футболининг яқин ўтмишдаги юлдузлари - Фредди Юнгберг ва Олоф Мёлберг AПЛ баҳсларида бир неча бор тўқнаш келган. Бунинг ўзи уларга камлик қилган кўринади.
2002 йилги ЖЧ олдидан ўтказилган машғулотда, улар ўртасидаги жанжал камераларга тушиб қолди. Ҳимоячи "Aрсенал" вингерини очиқчасига подкат билан йиқитади. Бундан ғазабланган Фредди дарров "жавоб" беради.
Жамоадошлари ёрдамида улар яна ярашиб олади, лекин қитъамизда бўлиб ўтган ЖЧда Швеция омадсиз иштирок этди. Жанжал ички муҳитга салбий таъсир кўрсатган кўринади.
Бистров Квинсига қарши!
"Спартак" клуби аъзолари журналистлар қуршовида ўтаётган машғулот чоғида муштлашиб кетай деди.
Владимир Бистров Квинсининг ўзига нисбатан қўпол ҳаракат қилганини кечириб ўтирмади. Воқеалар ривожи кескин кўриниш олмаган бўлса ҳам, "Спартак" мухлислари ғазабини қўзғатди.
Боатенг Горецкага қарши!
"Бавария" ташқаридан қудратли кўрингани билан, унинг ҳам ожиз нуқталари мавжуд. Ханс-Дитер Флик эндигина жамоага келган пайтлари, йигитлар ўртасида кескинлик мавжуд эди.
Жером Боатенг машғулотлар чоғида ўзига нисбатан атайин кескин ўйнаган Леон Горецкани кечириб ўтирмади. Унинг юзига туширди. Томас Мюллер жамодошларини ҳовуридан туширганига қарамай, жанжал якунига етмади.
Бир ҳафтадан сўнггина Леон ва Жером ярашиб олди.
Балотелли Манчинига қарши!
Роберто хурмача қилиқлари билан барчага яхши таниш бўлган Марио Балотеллининг фаолияти учун кураш олиб борди. Унга чидади, майдонга туширишда давом этди. Эвазига эса, шогирдидан ҳеч нарса олгани йўқ.
Марио жамоадоши Скот Синглерга нисбатан жуда қўпол харакат қилди. Буни мураббий кўтара олмади. Манчини Мариони ёқасидан ушлаб майдондан чиқариб юборди. Бир ойдан сўнг, “Супермарио” "Милан"га сотиб юборилди.
Иброҳимович Оневуга қарши!
Агар бу бошқа спортдаги жанг бўлганида, уни мухлислар абадий эслаб қолган бўлар эди. Қора белбоғ соҳиби эканлигини яшириб ўтирмайдиган Ибра «Милан» сафида ғалати воқеага дуч келади.
«Россонерилар» томонидан яқинда харид қилинган АҚШ терма жамоаси аъзоси Огучи Оневу жисмонан бақувват йигит эди. Ибра билан тўқнашувда у ҳужумчининг қовурға суягига кучли мушт туширади. Тўполондан сўнг, миланликлар Огучига «жавоб» бериб юборади. Сабаби, бир жамоага иккита жангчи ортиқчалик қилади.
Бартон Дабога қарши!
Айтишларича, «Барнсли» бош мураббийи - Даниел Стендли қизиққон инглиз футболчиси қўйган «калла» сабабли иккита тишидан айрилган экан. Бу воқеани исботловчи далиллар йўқ, лекин...
Бартоннинг Дабо билан тўқнашувини бутун жамоа томоша қилган. Аввалига Усман Жони итариб юборади. Қизишиб кетган инглиз боксчиларга хос оғир зарбалари билан жамоадошини сийлайди. Эртаси куни, Дабо кўзидан олган жароҳати сабабли таътилга чиқади. Бартон эса, клубдан ҳайдалади.
Пике Сонгга қарши!
«Барселона» Испания чемпионатидаги ғалабасини нишонлаш мақсадида томи йўқ автобусда Каталония кўчаларини кезмоқда. Бир пайт, Алекс Сонг Жерар Пикенинг юзига шапалоқ туширди. Бу ҳам етмаганидек мушти билан зарба бермоқчи эди. Воқеаларга Карлес Пуйол аралашди уларни тинчлантирди.
Кейинроқ, клуб раҳбарлари футболчиларининг ғалати қилиқларига ичкилик истеъмол қилганини важ қилиб кўрсатди.
Фикрлар