“Спартак” сардори Ўруновнинг зўрлигини тан олди!

“Спартак” сардори Георгий Жикия якунланган чемпионатнинг энг яхши ёш ўйинчиларини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномада Остон Ўруновга овоз берди.

Бу танлов кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Аслида “Спартак”га тегишли бўлган легионеримиз мавсумни ижара асосида “Уфа”да ўтказди. Мавсумнинг биринчи ярмида жароҳатлари туфайли ўзини кўрсата олмаган ҳужумкор футболчимиз жуда кўп танқидга учради.

0_4

Бироқ, кейинчалик чемпионат охирига бориб Остон Ўрунов юқори спорт формасини тиклаб олди ва қисқа фурсатда “Уфа”нинг етакчи ўйинчиларидан бирига айланди. “Уфа” мавсум охирида Ўруновнинг трансферини тўлиқ сотиб олишни режалаштирган эди. Бироқ, жамоа Россия премьер-лигасидаги жойини сақлаб қола олмади ва қуйи лига иштирокчиси сифатижда “Спартак” талаб қилган бир миллион еврони тўлай олмаслигини маълум қилди.

“Спартак” ҳимоячиси ва етакчиси Георгий Жикия премьер-лига жамоалари сардорлари  ва бош мураббийлари иштирок этган сўровномада Ўруновга овоз берган ягона футболчи бўлди.

Жикиянинг сўровдаги танлови қуйидагича бўлди:

  1. Михаил Игнатов (“Спартак”).
  2. Гамид Агаларов (“Уфа”).
  3. Эдуард Сперцян (“Краснодар”).
  4. Руслан Литвинов (“Спартак”).
  5. Остон Ўрунов (“Спартак”/ “Уфа”).

Сўровнома “Чемпионат” нашри томонидан ўтказилди ва унга 21 ёшдан катта бўлмаган жами 50 нафар футболчи энг яхши ёш ўйинчи номинациясига номзод сифатида кўрсатилди. Бундан ташқари, овоз берувчиларига танловга ўзлари истаган футболчилар номини қўшиш имкони ҳам берилди.

Шунингдек, жамоа сардорлари ва мураббийлар ўз клубларидан учтадан ортиқ ўйинчига овоз бера олмаслиги белгиланди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Остон Ўруновнинг фаолиятида ўзгариш бўлиши кутиляпти. Москваликлар унга жамоа таркибидан ўрин бермайди ва ҳамюртимиз билан хайрлашишини маълум қилган. Иш яна уч мавсум давом этадиган шартноманинг бекор қилинишигача бориши мумкин.

Ҳозирча, 21 ёшли футболчига премьер-лиганинг икки клубидан қизиқиш борлиги айтиляпти. Ўтган мавсум юқори лигадаги ўрнини базўр сақлаб қолган “Химки” Остонни жамоага таклиф этиладиган футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритган. Улар  легионеримизни ижарага олиш ёки тўлиқ трансфер қилишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, премьер-лига дебютанти – Москванинг “Торпедо” клуби ҳам таркибини кучайтириш мақсадида юқори лигада ўйнаш тажрибасига эга бўлган Ўруновни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

GBjMOfcxbH2QzSWeu11skExKoS4CWqOt_medium

Ўрунов “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Россия чемпионатига кўчиб ўтгунга қадар истеъдодли футболчи “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоаларида тўп тепган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!