“Спартак”га Ўзбекистондан футболчи олишни айтишди!
Москванинг “Спартак” клуби раҳбарияти бир неча йилдан бери жамоани чемпионлик учун курашадиган даражага кўтара олмаяпти. Бу йўлда қанчадан қанча трансферлар амалга оширилди, бош мураббийлар ўзгартирилди. Ҳозирча бу ҳаракатлар самара бергани йўқ.
Россиянинг энг машҳур клуби жамоанинг трансфер сиёсатини бошқариш учун янги спорт директорини ишга олди. Бу лавозимга тайинланган Томаш Амарал тўрт ярим йилдан буён “Бенфика”да истеъдодларни кашф этиш билан шуғулланиб келган. Тажрибали мутахассис Португалиянинг “Фаренсе” ва “Брага”, Испаниянинг “Гранада”, “Эйбар” ҳамда “Вальядолид” клубларида фаолият юритган.
“Спартак” клубининг собиқ бош директори Сергей Шавло 2024 йилнинг январидан расман ишга киришадиган Томаш Амаралга трансфер сиёсатини шакллантиришда ишки ва яқин хориж мамлакатларидаги футболчиларга кўпроқ эътибор қаратишни маслаҳат берди.
- Бугунги кунда клуб ўз футболчиларини тарбиялаши ўта долзарб масала бўлиб қолди. Биз нафақар россиялик мураббийлар, балки ўйнашга интилаётган ёш истеъдод эгаларини ҳам бой бериб қўйишимиз мумкин.
Амарал асосий йўналишини Ғарбга, биринчи навбатда Бразилия ва Аргентинага қаратиши табиий. Лекин ҳозирги пайтда ички бозор ва яқин хориж мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Сербия футболига эътибор қаратиш лозим.
ЦСКА Аббосбек Файзуллаевни таклиф қилиб, бу йўналишда ҳамма жуда яхши ўрнак кўрсатди. Аббосбекка Россия Премьер-лигасига мослашиш учун вақт керак бўлгани йўқ. Мақбул нархларга ўйнаб кета оладиган ўйинчини топишда спорт директорларининг хизмати катта, албатта, - деди Сергей Шавло.
ЦСКА Аббосбек Файзуллаевни август ойида трансфер қилганди. “Пахтакор” тарбияланувчисининг трансфери 500 минг еврони ташкил қилди. 20 ёшли футболчи “армиячилар” сафида жами 18 марта майдонга тушиб, иккита гол ва тўққизда ассист қайд этди. Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг энг ёрқин кашфиёти сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон футболи тарихида Москванинг “Спартак” клуби футболчиларимизга эътибор қаратган ҳолатлар бўлган.
Мустақилликнинг илк йилларида “Пахтакор”да камолга етган Андрей Пятницкий ва Валерий Кечинов “Спартак” таклифини қабул қилиб, бу жамоа сафида юқори натижаларни қайд этган. Кейинчалик Жаъфар Ирисметов “спартакчилар” сафига қўшилди. Бироқ расмий учрашувларда бирорта гол ура олмаган моҳир тўпураримизнинг бу жамоадаги фаолиятини муваффақиятли дейиш қийин.
Сўнгги йилларда Остон Ўруновнинг “Спартак”даги саргузаштларини ҳали ҳеч ким унутгани йўқ.
Иқтидорли ҳужумкор футболчимизга бу клубда ўзини кўрсатиш имконини беришмади. Россиядаги муваффақиятсиз фаолиятидан кейин Ўрунов юртимизга қайтиб, қандай маҳоратга эга эканини исботлаб қўйди.
Фикрлар