Араблар Шомуродовга эътибор қаратди...
Қатарда 12 январдан Осиё кубоги мусобақаси бошланади. Қитъамизнинг энг кучли терма жамоалари 18 маротаба ўтказилаётган турнирда ғолиблик учун куч синашади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси “В” гуруҳидан чиқиш учун Австралия, Сурия ва Ҳиндистон терма жамоалари билан рақобатлашади.
Араб оламининг машҳур манбаси – dailygulfnews.com портали Осиё кубогининг гуруҳ босқичида “В” гуруҳидан ўрин олган терма жамоаларнинг энг ёрқин юлдузлари ҳақида мақола тайёрлади. Ушбу гуруҳда вакиллари орасида энг машҳур футболчи Элдор Шомуродов экани алоҳида эътироф этилди.
- Элдор Шомуродов, “Кальяри” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси. Шомуродов Ўзбекистонда “Машъал” ва “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қилганидан кейин Россия Премьер-лигаси вакили “Ростов”га кўчиб ўтди.
“Ростов”даги ажойиб ўйинлари самарасида Италиянинг “Женоа” жамоасига йўл олди. А Серияда “Рома” ва “Специя”да ўйнади. Ҳозир ижара асосида “Кальяри”га ўтган.
Кучли бешлик чемпионатлари қаторига киритилган А Серияда ўйнаётганидан бери Элдор Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг муҳим ўйинчисига айланди. Унинг жамоага таъсири кучли, ўзбек футболида ҳурмати жуда баланд.
Шомуродов халқаро миқёсда ҳам маҳоратини намойиш қилиб келмоқда. Миллий жамоа сафида ҳозирча 68 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 38 маротаба ишғол қилган ҳамда жамоадошларига ўнта голли пас узатган.
Элдор майдонда рақибларини ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қиладиган кучли ўйинчи. Шомуродов ҳужум чизиғининг турли позицияларида ўйнай олади, дарвоза аниқ ва кучли зарба беради, олдинги чизиқда жамоадошларига жуда қулай пас оширишга уста, - деб ёзмоқда dailygulfnews.com портали.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг Осиё кубогида иштирок этиши катта сўроқ остида турибди. Ҳамюртимиз “Кальяри” машғулотларидан бирида ўнг оёқ бармоғини синдириб олди. 28 ёшли футболчи Осиё чемпионатида қатнашиш илинжида тезроқ оёққа туриш учун жароҳатини операция йўли билан даволатишга қарор қилди.
Терма жамоамиз сардори шифокорлардан ўзини Осиё чемпионатининг биринчи туригача оёққа турғазишни сўраган. Мутахассислар бундай жароҳатдан тикланиш камида бир ой вақт олишини таъкидламоқда.
Айрим манбалар Элдор Шомуродов гуруҳ баҳслари якунланиши арафасида терма жамоага қўшилиши ва Сречко Катанец шогирдлари плей-оффга йўлланма олган тақдирда, Осиё кубогида тўп тепиши мумкинлигини айтмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳдаги биринчи учрашувни 13 январь куни Сурия футболчиларга қарши ўтказади. 18 январга белгиланган иккинчи турда ҳамюртларимиз ҳиндистонликлар билан куч синашади.
Гуруҳдаги энг кучли рақиб – Австралия терма жамоаси ҳамюртларимизга қарши 23 январда саф тортади.
Ҳозирча, Элдор Шомуродовнинг қачон майдонга қайтиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ ўзбекистонлик футбол ишқибозлари терма жамоамизнинг асосий голеадорини тезроқ оёққа туришидан умидвор.
Шомуродов ва Файзуллаевдан кейин ўзбек футболчиларига эътибор қаратишни тавсия қилишди
Файзуллаев бўлмаганида аҳвол яна ҳам оғирлашарди!
Файзуллаевнинг ҳақиқий маҳоратини баҳорда кўрасизлар!
Фикрлар