Спортни ривожлантириш вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти Президент топшириғи ижросини тизимли йўлга қўйиш устида ишламоқда
23 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш ҳамда мураббийларни тайёрлаш бўйича устувор вазифалар мавзусида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда соҳадаги муаммо ва камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Бугун Миллий Олимпия Қўмитасида ушбу видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини амалга ошириш механизми юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Сакен Полатов ҳамда Шерзод Ташматов иштирок этишди.
Йиғилишни Адҳам Икрамов олиб борди ва кун тартибидаги барча масалаларга танқидий назар ташлади. Жумладан, спортчиларнинг профессионал даражага ўтишдаги кўрсаткичнинг пастлиги, вилоятлардаги Олимпия захиралари коллежлари фаолиятининг оқсаётгани, коллеж битирувчилари орасида терма жамоага қабул қилинаётган ёшларнинг фоиз кўрсаткичи қониқарли эмаслиги, мутахассисларнинг ойлик маошлари камлиги каби видеоселекторда тилга олинган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича фикр алмашилди.
Спортни ривожлантириш вазири, айниқса, вилоятлардаги таълим сифатини янада кучайтириш, спорт мактаблари ва ОЗКдаги битирувчи ўқувчиларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида тўхталди. Бу борада ҳудудлар, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик олиб бораётган терма жамоалар ҳар бир мутасадди раҳбарлар орасида тақсимлаб олинади. Улар белгиланган ҳудуд ёки федерация базасига бориб, услубчилар, спортчи ва мураббийларнинг шароитини ўрганишади ва уларга амалий ёрдам беришади.
Йиғилишда Президент кўрсатмалари асосида яратилаётган янги тизим бугунги давр учун қанчалик долзарблиги, уларни амалга оширишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун Бухоро вилояти мисолида жорий этиладиган тизимни барча ҳудудларда қўллаш, таълим муассасаларидаги мутахассисларнинг малакасини янада ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Якунда видеоселекторда берилган топшириқлар бўйича Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитасининг тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва унинг бандларини ижро учун амалга татбиқ қилиш бўйича келишувга эришилди.
Фикрлар