Сречко Катанец: "Бу босқичда барча жамоалар кучли ҳисобланади, хусусан, эртанги рақибимиз ҳам" (Матбуот анжуманидаги фикрлар)
Ўзбекистон термa бош мураббийи Сречко Катанец ҳамда жамоамиз сардори Элдор Шомуродов эртанги ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этишди:
Сречко Катанец:
Эртанги ўйин ҳақида
— Барчаси жойида, футболчиларимиз ўйинга тайёр. Кечаги машғулотда ҳам жамоамиз диққат ва эътибор билан ўйинга тайёргарлик кўрди. Биз ўз уйимизда ўйнаймиз, шу сабабли мақсадимиз фақат ғалаба қозониш.
Тақвим ва жамоанинг ҳолати ҳақида
— Рақибимиз биз билан ўйинга қадар ўртоқлик ўйинлари ўтказа олди, кўпроқ машғулотда қатнашди . Биз эса яқинда йиғилдик, бироқ бу нарса биз учун янгилик эмас. 3 йилдан буён жамоа билан биргамиз ва бу борада етарлича кўникмага эгамиз. Ҳамма футболчилар йиғинга бир хил ҳолатда етиб келмади, кимдир кўпроқ ўйнади, кимдадир вазият бошқача. Лекин менинг вазифам барчасини таҳлил қилиш ва ўйинга тайёрлаш ҳисобланади.
Ҳаммаси жойида, биз шу руҳда давом этишимиз керак. Бу босқичда барча жамоалар кучли ҳисобланади, хусусан, эртанги рақибимиз ҳам.
Яқин йиллардаги таркибдаги ўзгаришлар ҳақида
— Мен эртага нима бўлишини билмайман, олдимизда катта йўл бор. Асосий эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган.
Эртанги таркиб ҳақида
— Таркиб борасида эртага барчамиз гувоҳи бўламиз.
Рақиб ҳақида
— Ушбу терма жамоани таҳлил қилиш қийин. Сурия ва Япония билан ўйинларда ҳар хил таркиб билан ҳаракат қилган. Жамоа тартибли, ўз услубига эга. Лекин биз ўз ўйинимизга эътибор қаратганмиз ва эртанги ўйинга ҳам нималарга қодирлигимизни майдонда исботлашимиз керак.
Фикрлар