Сречко Катанецнинг Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоасидан кўнгли тўлмаяптими?
Кеча ЎФАда Сречко Катанец иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Жанубий Корея сафари олдидан мураббий журналистлар саволларига жавоб берди. Хабарингиз бор, у ерда Камерун ва Коста-Рика терма жамоаларига қарши ўртоқлик баҳсларида майдонга тушамиз.
Ушбу беллашувларлар олдидан Сречко Катанец кенгайтирилган таркибни эълон қилганди. Шунда кўпчилик футболчилар танлови борасида мураббийга ўз вариантлари билан бирга танқидларини ёғдирди. Жумаладан, мен ҳам.
Сречко Катанец таркиб эълон қилинганидан то 18 сентябргача ОАВда чиққан материалларни кўрган ва ўргангани сезилди. Камида бир кун аввал нотиқлик маҳорати бўйича дарсга борган бўлса ҳам ажабланмайман. Чунки журналистлар бермоқчи бўлган саволларга олдиндан жавоб бериб, ҳаммасига тайёрлигини кўрсатиб қўйди. Берилган саволларга анча хотиржамлик билан ёндашди.
Тан олиш керак айрим саволларга жавобдан кўнглим тўлмади. Ўзи танлаган таркиб ва доим шу футболчиларга ишонишини айтди. Ҳатто клубда асосий таркибга кирмаётган бўлса ҳам. Бироқ унинг хотиржамлигида нимадир бордек эди… яхши ният.
Катанецнинг айниқса, равобат билан боғлиқ ва Жамшид Искандеров борасидаги саволларга жавобини эшитиб, кўпчилик ҳайрон қолди. Нега? Чунки мутахассис Шомуродов “Рома”да захирада қолиб кетаётган бўлса-да, таркибга жалб этилишини билдирди. Чунки унда тажриба бор. Жамшид Искандеровнинг бўйи паст эканлигини, Камерун гавдали футболчилардан ташкил топгани учун уни таркибга чақирмаганини маълум қилди. Бироқ кейин гап орасида Искандеровда виза билан боғлиқ муаммо юзага келгани учун рўйхатга киритилмаганлиги айтилди.
Футболда бўй ҳамма нарсани ҳал қилмаслигини яхши биламиз. Агар Жамшид ҳимоячи ёки ҳужумчи бўлганида, мураббийнинг фикрида жон бор, дердим. Бироқ ярим ҳимоячи, қолаверса, енгил ҳаракатлари билан ажралиб турадиган Искандеровга бундай баҳона қилиниши ғалати...
Жамшид Искандеров нега Ўзбекистон терма жамоасига керак?
Катанец Суперлигада тўпурар бўлиб турган ва айни пайтда ўзини кўрсатаётганларни ноябрдаги йиғинга чақириши мумкинлигини айтди.
Ҳа, яна бир гап. Афтидан Катанецнинг Ўзбекистон U23 жамоасидан кўнгли у қадар тўлмаяпти. Буни матбуот анжуманидаги фикрларидан билса бўлади. Ёш футболчилар у кутгандек ўйин намойиш этмаётганини, терма жамоада баъзи ўйинчилар ҳам олдинги ўйинини кўрсатмаётганини айтди. Шунинг учун мутахассис олимпиячилардан таркибга футболчи жалб қилмаган экан.
Катанецнинг матбуот анжуманидаги фикрларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, у тажрибага ишонади. Ўша тажриба қачондир қўл келишига умид қилади. Ва асосийси, аввалроқ сайтимизда ёзганимдек, у таркибни танлаб олган ва шу футболчиларга доимий тарзда ўз тактикаларини ўргатиб боради. Бу бир томондан тўғри. Лекини шундаки, айни пайтда яхши формадаги 2-3 футболчини синаб кўрса ёмон бўлмасди. Биз фикримизни билдирдик. Натижага мураббий жавоб беради. Қолганини эса вақт кўрсатади. Катанецнинг фикри тўғри, журналистларники нотўғри чиқишини жуда хоҳлардим.
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар