"Стадиондаги муҳит шунчаки "бомба", Кубокда ким билан ўйнашимизни фарқи йўқ, буни ҳеч ким билмаганди". Зафар Полвонов "Андижон"да илк бор матбуотда кўриниш берди

“Андижон” клуби Ўзбекистон кубогидаги юришини давом эттиряпти. “Турон”ни мағлуб этган “бургутлар” чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Про лигада ҳам “бургутлар”нинг натижалари яхши ва пешқадамликни ўз қўлига олган.

Ёзги трансфер ойнаси вақтида таркибга икки нафар ўйинчи қўшилган бўлиб, улардан бири ҳужумчи Зафар Полвонов. Тажрибали ҳужумчи Суперлигадаги фаолиятидан сўнг энди про лигада “Андижон”га ёрдам беришга қарор қилди. Полвонов илк таассуротлари бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

- “Андижон” Ўзбекистон кубогида “Турон” устидан ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Ўйин борасида нима деган бўлардингиз?

- Ўйинга келсак, “Турон” яхши жамоа. Чунки рақибни қандай ўйин кўрсатишини билардик. “Турон” ҳам барча позицияси бўйича яхши шаклланган. Бизга қийинчилик туғдиришини сезгандик. Шунга яраша ўзимиз ҳам жиддий тайёргарлик кўрдик. Чунки олдимизга аниқ вазифа қўйилган. Ғалабали серияни давом эттириб, мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Тўғри, учрашув давомида рақиб жамоамизга қийинчилик туғдирди. Йигитларга раҳмат, яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонган ҳолда мақсадимизга эришдик.

- “Андижон”га қўшилганингиздан бери учта ўйин ўтди ва барчасида жамоа ғалабага эришиб келмоқда. Дебют ўйинингиздаёқ гол уришга муваффақ бўлдингиз. Янги жамоангиздаги илк таассуротларингиз қандай?

- Анчадан бери про лига ўйинларига эътибор бермаган эканман. Энди ўзим гувоҳ бўляпманки, про лиганинг даражаси ҳам анча юқори экан. Жамоада мени чиройли кутиб олишди. Мухлислар ажойиб. “Андижон”га ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ҳеч қачон бирор футболчи янги клубга келса, дарров мослашиб кетмайди. Қўшилиб кетишига маълум вақт керак бўлади. Биз ҳамма ўйинга жиддий тайёрланамиз. Чунки жамоамиз учун ҳар бир ўйин худди финалдек. Барчамиз бу ерда бир оиламиз. Худо хоҳласа, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

зафар

- “Андижон”га қўшилишингиз трансфер ойнасининг охирги кунида ҳал бўлди ва буни ҳеч ким кутмаганди. Аслида барчаси қандай юз берганди?

- Ҳа, буни ҳеч ким билмаганди. Олдиндан нима бўлишини айтиб бўлмайди. Бу футбол. Йўқ жойдан ушбу трансфернинг амалга ошгани ҳам футболнинг бир қисми. Мен бу ерда хурсандман ва жамоамнинг ғалабаларига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.

- Ўзбекистон кубоги чорак финалида қайси рақибни кутяпсиз?

- Қайси рақибни кутаман? Бизга ким билан ўйнашнинг фарқи йўқ. Чунки Суперлига жамоаларидан бири билан ўйнаймиз. Суперлига клублари билан ўйинлар ҳеч қачон осон бўлмайди. Биз ҳам шунга қараб, тайёргарлик кўрамиз. Шунча йўлни босиб ўтиб, осонгина таслим бўлиш йўқ. Худо хоҳласа, охиригача ҳаракат қиламиз.

зафар1

- Сиз бош мураббий Виктор Кумиков билан илгари ҳам бирга ишлагансиз-а?

- Кумиков билан 2018 йили ишлаганман. Бир-биримизни яхши тушунамиз. Машғулот услублари ва ўйин тактикалари қандайлигини биламан. Шу сабабли осон киришиб кетдим.

- Стадиондаги муҳит ҳақида нима дейсиз? Адашмасам, доим ҳам бу даражадаги қайноқ муҳитда ўйнамагансиз...

- Стадиондаги муҳит шунчаки “бомба”. Фантазия жуда ажойиб. Олдин рақиб сифатида Андижонга келган пайтимизда эътиборимизни фақат ўйинга қаратардик. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини кўрардик. Лекин бу даражада тайёргарлик кўриб, жонкуярликларига қойил қолдим. Бундай ишқибозлар учун ўйнамасак, яна ким учун ўйнаймиз? Мухлислар учун бор кучимиз билан курашамиз. “Андижон” учун жон куйдириб, ишқибозларни хурсанд қилиш мақсадида маҳоратимизни ишга соламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!