Суперлига. 3-турнинг марказий ўйини қолдирилди
Ўзбекистон Суперлигасининг 3-туридан ўрин олган АГМК — “Насаф” ўйини Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси сўровига кўра қолдирилди.
Бошқарма томонидан юборилган хатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумҳалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-134-сон қарори ва вилоят ҳокими томонидан 7 март куни тасдқиланган 1/ДБ-4-1406-сонли режа-дастурига асосан, 20-21 март кунлари Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрида “Наврўз” умумҳалқ байрамига бағишлаб, вилоятнинг асосий байрам тадбири бўлиб ўтиши сабаб сифатида кўрсатилган. Мазкур тадбир давомида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш учун вилоят ички ишлар органлари ва Миллий Гвардиянинг мавжуд куч ва воситалари жалб қилинишини инобатга олиб, Сиздан 20 ва 21 март кунлари ОКМК спорт мажмуаси ўйингоҳида ўтказиладиган футбол учрашувларини бошқа куни ўтказилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, деб ёзилади хатда.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 3-турнинг қолган беллашувларини Наврўз байрами танталарига қадар якунлайди. Фақатгина “Насаф” футбол клубининг ОФК Чемпионлар лигасида иштирок этиши инобатга олиниб, унинг АГМК клубига қарши ўйини 20 март санасига режалаштирилганди. Қўшимчасига, айнан шу кундан кейин ФИФА кунлари старт олади ва Сречко Катанец сара футболчиларни терма жамоага жалб қилади.
Вазиятдан келиб чиқиб, 3-турдан ўрин олган мазкур учрашув бошқа кунда ўтказилиши мақсадга мувофиқ деб топилди. Учрашув санасига кейинроқ ойдинлик киритилади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар