Суперлига жамоасининг натижалари паст, аммо танқидга муносиб эмас. Сабаби эса...
“Олимпик” – бу ўзбек футболида янги ном ва янги жамоа. Ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўз номи билан айтиб турибдики, асосий мақсад Олимпия ўйинларига тайёргарлик. 2024 йили Париж Олимпиадасида Ўзбекистон олимпиячиларининг иштирокини таъминлаш мақсадида бунга барвақт тайёргарлик бошланган бўлиб, “Олимпик” айнан шунинг эвазига яратилди. Унда асосан Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзолари тўп суришади.
Айни пайтда юртимизда U-23 Осиё Кубоги мусобақаси ўтказиляпти ва унда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ярим финалга чиққанини биласиз. Терма таркибининг негизи “Олимпик” ёшларидан ташкил топган. Бош мураббий Тимур Кападзе ҳам “Олимпик”, ҳам олимпия терма жамоасида бош мураббий. Унинг зиммасидаги масъулият жуда катта. Асосий вазифа олимпиячиларимизни Париж Олимпиадасига олиб чиқиш ва шу билан бирга Ўзбекистон мезбонлик қилаётган қитъа турнирида бош совринни қўлга киритишдан иборат. Кападзе ҳам номзод футболчиларни ўзи бошидан тарбиялаб, бир тизим асосида шакллантириб келмоқда. Бунда эса “Олимпик” лойиҳасига катта умид билдирилмоқда.
Ўтган йили бу ёш жамоа про лигада қатнашиб, плей-офф орқали Суперлигага чиқишга муваффақ бўлди. Балки бу натижани кўпчилик кутмаган ҳам бўлса керак. Бу йилдан “Олимпик” энди Суперлигада. Дебют мавсуми бўлишига қарамай, ёш жамоа ўзидан ёмон таассурот қолдираётгани йўқ. U-23 Осиё Кубогида “Олимпик”да тобланаётган иқтидор эгаларининг қандай ўйин кўрсатаётганини кўриб турибсиз.
Чемпионатдаги танаффус туфайли “Олимпик” сафида қолган бошқа футболчилар ва жамоадаги ёшлар таркибидан жалб қилинган ўйинчилар эвазига мураббийлар штаби тайёргарликни давом эттиришмоқда. Ушбу жамоа Суперлигадаги дебют мавсумида ҳозирча 9 та ўйин ўтказди. Иккита ўйини қолдирилган бўлиб, 10-турда “Навбаҳор” ҳамда 11-тур доирасида “Металлург”га қарши беллашувлар бошқа муддатларга кўчирилган. Демак, клуб иштирокидаги 9 та учрашувга бироз тўхталишимиз мумкин.
Албатта, кучлилар орасидаги илк иштироки борасидаги дастлабки таассуротлар шаклланиб улгурди. Дебютант ўзини йўқотиб қўймаяпти. Ёш футболчилар тажрибали рақиблари қаршисида яхши сайқал топяпти. “Олимпик”нинг ҳисобида 1 ғалаба, 5 дуранг ҳамда 3 мағлубият бор. Тўплар нисбати ҳам бошқаларникига қараганда анча камтар. 8 та гол урган ва 9 та тўп олиб чиққан. 8 очко ва 13-ўринда.
Кападзе жамоаси ҳар бир рақибга жиддий қаршилик кўряпти. Ёш бўлишига қарамай, “Олимпик” анча-мунчага енгилишни истамайди. Энг ёш жамоа ва ҳали тажрибаси у қадар эмаслигини ҳам унутмаслик керак. Аммо уларда шижоат бор. Ўзаро ўйинларда кўпинча битта тўп фарқи кузатилганига гувоҳ бўлдик.”Олимпик”нинг ҳозиргача ягона бўлиб турган ғалабасини 6-турда “Бунёдкор” майдонида қўлга киритди. Ўша учрашувда “Олимпик” шундай ўйин намойиш қилдики, “Бунёдкор”ни ҳар томонлама мағлуб этди. Натижа эса шунчаки даҳшат. “Бунёдкор” – “Олимпик” – 1:5! Гўё, ёш “Олимпик” барча аламини “Бунёдкор”дан олгандек бўлди. Унгача уларда 3 та дуранг ва 2 та мағлубият бор эди. 1:5 ҳисобидаги ғалабадан кейинги натижалари қуйидагича: 2 та дуранг ва 1 мағлубият. “Қўқон-1912” ва “Қизилқум”га 1:0 ҳисобларида ютқазган бўлса, 9-турда “Локомотив” майдонида йирик 3:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Мазкур учрашув ҳозирча “Олимпик” учун охирги ўйин бўлиб турибди.
Жамоанинг 12-турдаги ўйини 22 июнь кунига тўғри келади. Шу куни АГМКни қабул қилади. Бу клуб бошқа жойдан ёши каттароқ тажрибалироқ ўйинчиларни олиб келмайди, легионерларнику гапирмаса ҳам бўлади. Чунки “Олимпик”нинг йўлини юқорида айтдик, бу ерда фақат терма жамоамизга номзод футболчилар тўп суришади ва ўз ўйинини шакллантириб боришади. Гарчи Суперлигада 14 та жамоа орасида 13-поғонада бўлса-да, “Олимпик” танқидга муносиб эмас. Сабабини ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Фикрлар