Суперлига қайтмоқда ёхуд бу турда нималар ҳал бўлади?

ФИФА кунлари якунланди. Энди 21 ноябрь куни Суперлиганинг 25-турига старт берилади. 24 ноябрга қадар давом этадиган тур учрашувлари одатдагидек диққат-эътиборимизда.

21 ноябрь

18:00. “Пахтакор” – ОКМК

Тошкент дербиси остида ўтадиган “Пахтакор” – ОКМК баҳси турнинг марказий ўйинларидан бири. Медаллар учун ҳаракат қилаётган ушбу клублар ғалаба учун жон-жаҳди билан курашишади. Чунки иккаласида ҳам бу борада имконият бор. Очко йўқотган жамоага бу жуда қимматга тушишини икки томон яхши билиб турибди. Шунинг учун майдонда қаттиқ жанг кечади. Биргина хато ўйин тақдирини ҳал қилиши катта эҳтимол.

22 ноябрь

16:00. “Нефтчи” – “Насаф”

Фарғонадаги учрашувга ҳам қизиқиш ва эътибор катта. Чемпионликни расмийлаштириб бўлган “Насаф” ўтган турда ўз уйида “Сўғдиёна”га ютқазди. Агар ўша учрашув чемпионликни ҳал қилиши керак бўлганида балки “Насаф” уйида бундай натижа қайд этмасди. Фарғонадаги ўйинда ҳам вазият шундайки, “Нефтчи”га ғалаба зарур. “Насаф” ютқазса ҳам ҳеч нима йўқотмайди. Кўрамиз, Рўзиқул Бердиев чемпионликдан кейин жамоасини бу ўйинга қандай тайёрларкин? Бунгача чемпионлик учун курашда футболчиларда мотивация керагидан ортиқ эди. Вазифа бажарилди, энди қандай мотивация бераркин?

18:15. “Қизилқум” – “Навбаҳор”

“Навбаҳор” клубида чемпионатни иккинчи ўринда якунлаш учун имконият пайдо бўлди. Шунинг учун Сергей Лушчан жамоаси қандай бўлмасин Қаршидан ғалаба билан қайтишга уриниб кўради. “Қизилқум” номдор рақибларга қарши қандай ўйнашни биладиган жамоа. Жамшид Саидов шогирдлари ўтган турда Андижонда бир очко ишлаб қайтган. “Навбаҳор”га қарши учрашувда навоийликларда ҳам иштиёқ етарлича бор.

23 ноябрь

15:00. “Олимпик” – “Бунёдкор”

Лигада тўғридан-тўғри жон сақлаб қолиш йўлида курашаётган бу икки жамоа мазкур турда ўзаро бир-бири билан тўқнашишади. Бу жуда ҳам қизиқ ва кескин руҳда ўтади. Ютқазадиган клуб катта эҳтимол плей-оффга қолиб кетиши мумкин. “Олимпик” ва “Бунёдкор” бир-бирига жанг таклиф қилиши аниқ. Бу шундай ўйин бўладики, жамоаларнинг ўйин услубларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, голларга бой ўтиши кутилмоқда.

17:15. “Андижон” – “Динамо”

Ўтган турда иккала жамоа учун омадсиз ўтди. “Андижон” уйида “Қизилқум” билан дуранг ўйнаган бўлса, “Динамо” Самарқандда “Локомотив”га имкониятни бой бериб қўйди. Андижонликлар “Бобур арена”да жорий йилдаги сўнгги учрашувини ўтказади. “Бургутлар” охирги баҳсда мухлислари қаршисида ғалаба қозониб, уларни хурсанд қилишни исташяпти. “Динамо” ҳужумкор жамоа, лекин кўпинча ҳимояни унутиб қўяди. Бу учрашув ҳам қизиқарли кечади.

24 ноябрь

15:00. “Металлург” – “Сурхон”

Охирги поғонадаги “Металлург” учун бу охирги имконият. Ҳатто дуранг ҳам мағлубият билан тенг. Жамоа бошқаруви мавсум якунига келганда яна Илёс Қурбоновнинг қўлига ўтганини биласиз. Бекободликларнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнидан келиб чиқиб, лигадан тушиб кетиши кўпчилик томонидан илгари сурилмоқда. Жамоа ҳисобида 17 очко бор. 13-ўриндаги “Локомотив”да 21 очко ва 4 очко тафовут мавжуд. “Сурхон”дан кўра “Металлург”га ғалаба ниҳоятда муҳим. Аммо ютган тақдирда ҳам бу уларга ёрдам берармикин?

17:15. “Сўғдиёна” – “Локомотив”

Тур Жиззахдаги ажойиб ўйин билан интиҳо топади. Майдонда ўта қаттиқ кураш кечади. Бири иккинчи ўрин учун курашаётган бўлса, иккинчиси лигада жон сақлаб қолиш йўлида майдонга тушади. “Локомотив”да Самвел Бабаян ва унинг штаби иш бошлагач, Самарқандда “Динамо”ни ютиб қайтди. Энди “Сўғдиёна”га кучи етармикин? Иван Бошкович кумуш медал йўлида Қаршида чемпион жамоани ҳам мағлуб этди. Жиззахликларнинг “Локомотив”га қарши ўйинини кузатиш жуда қизиқарли.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Кутбиддинхон
21/11/2024 04:16
Локомативга омад
Mahmud Ttww
20/11/2024 18:04
Сўғдиёнага омад.