Суперлига. Турнинг энг яхшилари орасида 3 нафари дарвозабонлар, қолганлари эса...

Суперлигагинг якунига етган 11-турига доир мақолани ҳавола қиламиз. Яъни, 7 та учрашувнинг энг яхшилари аниқланган. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.

“Металлург” – “Бунёдкор” – 0:0. Энг яхши футболчи: Марин Любич

Дарвозалар дахлсиз қолган учрашувда “Бунёдкор”нинг легионер посбони Марин Любич қаҳрамонга айланди. У жамоасини муқаррар голлардан қутқаришга эришди. Яқинда Қаршида “Насаф” билан қайд этилган 0:0 ҳисобидаги ўйинда ҳам Любич энг яхши футболчи номига сазовор бўлганди. Бу сафар ҳам Марин маҳоратини кўрсатди.

“Нефтчи” – “Сурхон” – 1:1 Энг яхши футболчи: Дилшод Йўлдошев

Фарғонадаги дуранг кўпроқ меҳмонларни хурсанд қилди. Рақиб жиддий бўлишига қарамай, “Сурхон” ҳам муносиб курашди. Айниқса, дарвозабон Дилшод Йўлдошев яна ўзини кўрсата олди. У бир қатор вазиятларда “Сурхон”ни голлардан сақлади. Дурангда унинг ҳиссаси катта. 

“Қизилқум” – “Андижон” – 3:3. Энг яхши футболчи: Акаки Шулайя

Ҳакамнинг нотўғри қарорларию, “Андижон”нинг мустаҳкам иродаси билан ёдда қолган ушбу баҳсда “Қизилқум”нинг грузиялик легионери Акаки Шулайя энг яхши футболчи бўлди. Чунки у иккита гол урди. Лекин унинг сайъ-ҳаракатлари жамоасига ғалаба учун етарли бўлмади.

“Сўғдиёна” – “Насаф” – 1:0. Энг яхши футболчи: Люпчо Дориев

“Сўғдиёна”нинг ўтган турдаги учрашувда ҳам Дориев энг яхшиси бўлганди. Бу сафар ҳам ундан зўри топилмади. Унинг ягона голи “Насаф”ни мағлуб этди. Айнан Дориевнинг голи сабабли қаршиликлар жорий йилги Суперлигада илк бор мағлубият аламини тотиб кўрдилар. Бу йил Суперлигадаги легионерлар орасида биринчи рақамлиси бўлиб турган Люпче эндиликда 9 та голи билан чемпионатда якка пешқадамга айланди.

“Пахтакор” – “Навбаҳор” – 0:0. Энг яхши футболчи: Павел Павлюченко

Турнинг марказий тўқнашувида дарвозалар дахлсиз қолди. “Пахтакор”нинг беларуслик дарвозабони Павел Павлюченко бир нечта вазиятларда жамоасини голлардан сақлаб қолди. Шунинг учун легионер посбон марказий ўйиннинг энг яхшисига айлана олди.

“Локомотив” – “Динамо” – 0:2. Энг яхши футболчи: Улуғбек Абдуллаев

Ўтган турда ютқазиб қўйган “Динамо” бу гал янги мураббий бошчилигида дебютини ўтказган “Локомотив” майдонида мезбонларни ютиб қайтди. Учрашувда ҳисобни очган “Динамо” ҳимоячиси Улуғбек Абдуллаев якунда ушбу баҳснинг энг яхши футболчиси бўлди. У ҳимояда зўр ўйнашдан ташқари ҳужумда ҳам гол урди ва жамоасига ҳар томонлама фойда келтирди.

“Олимпик” – ОКМК – 0:1. Энг яхши футболчи: Хуршид Ғиёсов

Миржалол Қосимов жамоаси “Олимпик”га қарши ўйинда Хуршид Ғиёсовнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди ва ОКМК турнир жадвалида энди пешқадамга айланиб олди. Бир нечта учрашувда энг яхши футболчи бўлган Ғиёсов бу сафар ҳам беллашувнинг энг зўри деб топилди. У ОКМКда шубҳасиз етакчилик қиляпти.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ran Ch
18/06/2024 14:24
Bir tinga qimmat o'yinni post qilishdan kura yevro o'yinnlarni yorit