"Суперлигада оддий жамоанинг ўзи йўқ" - Анвар Бердиев "Шўртан"нинг плей-оффдаги устунлик томонини айтди
Про лиганинг сўнги турида “Шўртан” сафарда “Қўқон-1912”га қарши майдонга тушди ва 1:1 ҳисобида дуранг натижани қайд этди. Муддатидан илгари бу икки клуб Суперлига йўлланмаси учун плей-офф баҳсида қатнашиш имкониятини қўлга киритишган. Энди “Шўртан” бор эътиборини бўлажак беллашувга қаратади. “Қўқон-1912”га қарши баҳсдан кейин “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев айрим саволларга жавоб берди.
- Курашувчан ўйин бўлди. Иккала жамоа ҳам олдига қўйилган вазифани бажаришди. 3- ва 4-ўрин эгалари Суперлига учун плей-офф учрашувларида қатнашадилар. Дуранг адолатли натижа бўлди, деб ўйлайман. “Қўқон-1912” клубига кейинги муҳим беллашувда омад тилайман.
- 4 декабрь санасида “Шўртан” жамоаси ҳам “Қўқон-1912” сингари Суперлигага йўлланмани қўлга киритиш учун плей-оффда ўйнайди. Қайси рақиб билан ўйнаганинглар қулайроқ, деб ўйлайсиз? Ўтган сафар асосий мақсад Суперлига эканилигини айтгандингиз.
- Ким тушишидан қатъий назар барибир плей-оффда ўйнаш керак. Чунки Суперлигада оддий жамоанинг ўзи йўқ. Лекин про лига клубларининг имконияти бир жиҳат бўйича яхшироқки, улар ўз майдонида қабул қиладилар. Шундан фойдаланиб, про лигадаги шу икки жамоа ҳаракат қилиб, ўз олдига қўйилган вазифани бажарса бўлади. Яна бир бор қўқонликларга омад тилайман.
- Про лигада мавсум тугади. Йил бошида нималарни кутгандингиз? Қайси жиҳатларда ўхшади ва қайси жиҳатларда ўхшамади?
- Эътиборсизлигимиз туфайли кўп учрашувларда мағлубиятга учрадик. Бунинг устида кўпроқ ишлашимиз керак. Про лигада ўткинчи ўйинларни ўзи йўқ. Ҳар бир беллашув қийин ўтди. Биз энди плей-оффда иштирок этамиз. Йил давомидаги барча меҳнатларимизни охирги плей-офф ўйини кўрсатиб беради.
- Бу йил Қашқадарё футболига аталди десак бўлади. “Насаф” чемпион бўлди. “Машъал” Суперлигага қайтди. “Шўртан” плей-оффга чиқди. Булар нимани ҳисобига деб ўйлайсиз?
- Тўғри айтасиз, ажойиб мавсум бўлди. “Насаф” чемпионликни қўлга киритди. “Машъал” Суперлигага чиқди. Иккала жамоани табриклайман. Бизда ҳам имконият бор. Озгина имконият бўлсаки, охиригача курашамиз. Биз ҳам Суперлигага чиқсак, бу Қашқадарё футболи учун катта байрам бўлади. Чунки Қашқадарёда футболга эътибор жуда катта. Мухлислари ажойиб. Бир неча бор “Насаф”ни ўйинларини стадионда кузатдим. “Машъал”ни ҳам бир қанча учрашувларини стадионда кўрдим. Ишқибозлар ўз клубларини севишади. “Шўртан”ни эски мухлислари келиб қўллаб-қувватлашяпти. Қашқадарё футболида эътибор юқори ва бу ўз мевасини беряпти.
Фикрлар