Суперлигада шундай ўйин борки, бу худди финалнинг бошланиши
“Металлург” ва “Локомотив” учун имтиҳон каби ўйин кутмоқда. Чунки иккала клуб биринчи даврани қандай ўтказганини ҳамма яхши билади. “Металлург” биринчи даврада ғалаба қозонмаган ягона клуб бўлиб қолди. “Локомотив” ҳам мавсумнинг биринчи қисмини ўз имконияти даражасида ўтказа олмади. Ҳисобида фақат 2 та ғалаба бор. Шу сабабли бу жамоалар учун иккинчи даврани ғалаба билан бошлаш ниҳоятда муҳим. Суперлигада бу финалнинг бошланиши, "Металлург" учун. Чунки бекободликлар учун энди иккинчи даврадаги ҳар бир учрашув финалдек ўтади ва буни ўзлари ҳам яхши тушуниб турибдилар.
Биринчи даврадан кейин “Металлург”да кутилганидек жиддий ўзгаришлар кузатилди. Григорий Колосовский бош мураббий этиб тайинланди. Таркиб ҳам сезиларли даражада ўзгартирилди, балки кучайтирилди, десак ҳам бўлади. Бир қатор легионерлар олиб келинди. “Навбаҳор”дан Асад Собиржоновнинг қўшилгани ҳам “Металлург”нинг ўйинини кучайтиришига хизмати қилиши катта эҳтимол. Қолаверса, “Бухоро”дан Даврон Ҳошимов “Металлург”га ўтди. Билсангиз керак, у илгари “Локомотив”да тўп сурган. Ҳошимовнинг янги жамоасидаги дебюти собиқ клубига қарши бўлиб ўтиши мумкин. Янги келган легионерларнинг қандай даражадалигини вақт кўрсатади.
“Локомотив”га биринчи давра охирларида Александр Крестинин бош мураббий этиб тайинланганини яхши биласиз. Унинг учун ҳам иккинчи давра жуда муҳим. “Темирйўлчилар” ёзги селекцияда бир қатор янги ўйинчиларни жалб қилишди ва Туркияда шуғулланишди. Хуллас, иккала клуб раҳбарияти жамоани кучайтириш ва яхши тайёргарлик кўриш учун барча шароит ҳамда имкониятларни яратиб бердилар.
“Металлург” ва “Локомотив” жамоалари шу пайтгача чемпионатда 39 та ўйинда беллашишди. Катта устунлик “Локо” тарафида. Чунки бу жамоанинг ҳисобида 20 та ғалаба бор. “Металлург” эса 6 марта рақибини ютган. 13 та баҳсда дуранг кузатилган. Тўплар нисбати 38\66 табиийки “Локомотив” фойдасига.
Бекободликлар мезбон сифатида “Локо”ни охирги бор 2018 йили мағлубиятга учратган. Ўшанда 2:0 ҳисоби қайд этилган. Бу йил биринчи даврада Тошкентдаги беллашувда 2:2 натижаси кузатилганди. “Металлург” нохуш серияга барҳам бера оладими? “Локомотив”га қарши баҳс – бу Тошкент дербиси деб ҳам номланади. Ушбу учрашув анча шиддатли ва саргузаштларга бой ўтиши кутилмоқда.
Фикрлар