Суперлиганинг 18-тури старт оляпти. Қайси ўйинга қизиқиш катта?
Суперлигада 18-тур старт оляпти. 25-31 август кунлари мазкур тур ўйинлари бўлиб ўтиши белгиланган.
Шунингдек, 26 августда 17-турдан ўрин олган иккита ўйин ҳам бўлиб ўтади ва табиийки, ушбу клублар 18-турдан ўрин олган учрашувларини август ойи охирларида ўтказадилар.
Яъни, учрашувлар 25, 27, 29, 30 ва 31 август кунларига қўйилган. Сиз билан бизни жиддий беллашувлар кутяпти.
25 август
“Олимпик” – “Турон”
Тимур Кападзе бошқарувидаги “Олимпик” энди ютмаса бўлмайдиган даражага келиб қолди. Охирги марта май ойида ғалаба қозонган клуб шундан буён дуранг ва мағлубият қайд этиб келяпти. “Турон” “Олимпик” учун қулай рақиб сифатида кўрилаётган бўлиши мумкин. Лекин яйпанликлар “Олимпик”га ўхшаган жамоа. Айниқса, иккинчи даврада таркиби кескин ёшартирилди. Босимдан ҳоли бўлгач, “Турон” иккинчи даврада ютишни бошлади. Шундай бўлса-да, бу жуфтликда ғалабага ташна бўлиб турган “Олимпик”нинг имконияти юқори.
27 август
“Бунёдкор” – “Бухоро”
Суперлигада қолиш учун тиш-тирноғи билан курашаётган “Бухоро” бу сафар “Бунёдкор” тўсиғидан ўтиши керак. Биласиз, “Бунёдкор”да иккинчи даврадан бош мураббий сифатида Александр Крестинин иш бошлаган. Суперлигада дастлабки иккита ўйинда бир очко олган бўлса, охирги иккита учрашувда 6 очкони қўлга киритди. “Бунёдкор” футболчилари янги мураббийнинг услубига аста-секин мослашиб боришяпти. “Бухоро” бир очко олса бу уларнинг ютуғи.
29 август
“Сурхон” – “Насаф”
Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритган “Насаф”ни 29 августда жиддий учрашув кутяпти. Чемпионатнинг кашфиёт клуби сифатида эътироф этилаётган “Сурхон”га қарши беллашув турнинг марказий тўқнашувларидан бирига бемалол даъвогарлик қилади. Термизликлар истаган рақибидан очко тортиб олишни уддалаяпти ва анчадан бери ютқазмаяпти ҳам. Чемпионатда совринли ўринлар учун курашаётган “Насаф” бу баҳсда ҳам очко йўқотса, яна аҳволини қийинлаштириши турган гап.
“Қизилқум” – “Пахтакор”
Суперкубокдаги мағлубиятдан кейин “Пахтакор”га албатта чемпионатда ғалаба қозониш муҳим. Зеро, бу уларнинг кайфияти ва руҳиятига ижобий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Фақат бунинг учун Навоийда “Қизилқум” қаршилигини енгиши лозим. Лигада жон сақлаб қолиш учун жиддий курашаётган навоийликлар бу йўлда ўтган сафар Қаршида “Насаф”дан бир очко тортиб олдилар. Жамоа ўйини чакки эмас. Ўз майдонида “Пахтакор”га ҳақиқий курашни таклиф қилиши катта эҳтимол. Ўйин тақдирини биргина гол ҳам ҳал қилиши мумкин.
30 август
“Металлург” – “Сўғдиёна”
Бекободда “Металлург” “Сўғдиёна”ни қабул қилади. Унгача жиззахликлар 26 август куни 17-турнинг қолдирилган ўйини доирасида Жиззахда “Навбаҳор” билан баҳс олиб боради. Табиийки, “Металлург”да яхшилаб тайёрланиш учун вақт етарли бўлади ва рақибнинг бўлғуси ўйинини ҳам таҳлил қилиш имконияти мавжуд. Охирги пайтларда бекободликлар ўз ўйинини яхшилаб олаётгани натижаларда ҳам сезиляпти.
“Навбаҳор” – ОКМК
Иккала жамоа ҳам ОЧЛ плей-офф босқичида ғалаба қозониб, гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритдилар. Шунингдек, “Навбаҳор” каби ОКМК ҳам 26 август куни 17-турнинг қолдирилган учрашувида иштирок этади. Бу жамоаларнинг ўйинлар тақвими эндиликда тиғиз график асосида ўтади. Албатта, ушбу клублар ўртасидаги учрашув марказий мақомга эга. Бабаян ва Қосимов дуэлида ҳозирча имкониятлар тенг баҳоланмоқда.
31 август
“Нефтчи” – “Андижон”
Бу турда водий дербиси ҳам бор. Фарғоналиклар 26 августда Олмалиқда ОКМКга қарши Суперлиганинг 17-тур қолдирилган ўйинини ўтказиб қайтади ва 5 кундан кейин “Андижон” қаршилигини енгиши талаб қилинади. Албатта, бу учрашув даражаси ва мавқеи борасида ортиқча таърифлар шарт бўлмаса керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дерби бу ўз номи билан дерби. Ҳужумкор ўтиши кутилаётган беллашув мухлисларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани рост.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар