Супернокаутчимизни катта ишлар кутмоқда!
Бектемир Мелиқўзиев жаҳон спортида юқори чўққига шиддат билан кўтарилаётган боксчиларимиздан бири. Хорижлик экспертлар ҳаваскорлар ўртасида барча нуфузли мусобақаларда ўзини кўрсата олган ҳамюртимиз профессионал рингларда ҳам юксак натижаларни қайд этишга қодирлигини алоҳида тилга олмоқда.
Бокс оламида таниқли блоггер Жим Карас яқинда 2021 йилда катта жангларда қатнашадиган ва яқин келажакда профессионал бокс юлдузига айланиши кутилаётган ёш чарм қўлқоп усталарини аниқлади. Карас янги мавсумда муҳим жангларда рингга чиқадиган бокчиларнинг фаолиятини кузатиб боришни таклиф қиляпти.
- 2021 йилда катта ишлар олдида турган ўн нафар ёш боксчи рўйхатини туздим. Булар Бектемир Мелиқўзиев, “Бутс” Эннис, Райан Гарсия, Жесси Родригес, Гиндзиро Сигеока, Садриддин Аҳмедов, Сергей Богачук, Элвис Родригес, Жанибек Алимханули, Жастин Фандорадир, - деб ёзади Жим Карас.
Маълумки, Бектемир ёш бўлишига қарамай, катта тажриба соҳиби ҳисобланади. Мелиқўзиев ҳаваскор боксда фантастик натижаларни қайд этган. Ҳаваскор боксчи сифатида 18 ёшидан бошлаб, халқаро майдонда ўзини кўрсата бошлади.
Фарғоналик боксчи 2014 йили ёшар ўртасида ўтказилган учта катта мусобақа – Осиё чемпионати, жаҳон биринчилиги ва Олимпия ўйинлари чемпиони бўлди. У шу йилнинг ўзида катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ҳам кучли рақибларининг барчасини енгиб, мамлакат чемпиони сифатида терма жамоадан жой олди. Бектемир ўзининг ажойиб жанг услуби билан мутахассислар эътиборини қозонди.
Катталар ўртасидаги нуфузли мусобақалардаги натижалар ҳам ажойиб бўлди. 2015 йилда Бек Осиё чемпионатида олтин, жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Бир йилдан сўнг, Олимпия ўйинларида ҳам вице-чемпион унвонига сазовор бўлди. Кейин вазнини 81 килограммгача кўтарди. Янги вазн тоифасида жаҳон чемпионати совриндори ва қитъа чемпиони бўлди.
Бектемир профессионал боксчилик фаолиятини 2019 йилнинг 13 июнь куни бошлади. Мартин Риос Фиделга қарши ўтказилган биринчи жангида катта тажрибага эга рақибини дастлабки раунднинг ўзидаёқ соф нокаутга учратганди.
Барча жангларини АҚШда ўтказаётган Бектемирга промоутерлар профессионал рингда кўп жангда иштирок этган ва рейтингдан юқори поғоналарда қайд этилган рақибларни рўбарў қилмоқда. Бунинг самарасида, ҳамюртимиз дастлабки чемпионлик камарларини қўлга киритиш учун кам вақт сарфлаяпти. Хусусан, Мелиқўзиев ўтган йили декабр ойида ўзининг тўртинчи жангида Ваугн Александрни очколар ҳисобида мағлуб этиб илк соврини - World Boxing Association Continental Americas минтақавий чемпионалик камарига эга бўлди.
Бектемир 2020 йилнинг 30 октябрь куни олтинчи жангида Алан Кампани учинчи раундда рингга қулатиб, World Boxing Organisation Inter-Continental қитъалараро чемпионлик камарини ҳам ўзиники қилди.
Умуман олганда, бу боксчимиз олтита жангдан бештасини нокаут ва биттасини очколар ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган ва у рейтингда жадал кўтарилиб бормоқда.
Бектемир Мелиқўзиев 2021 йилнинг 30 январь куни профессионал боксдаги энг муҳим жангини ўтказади. Ҳамюртимиз профрингдаги навбатдаги жангида супер ўрта вазннинг WBO, WBA (Super), IBF ва IBA йўналишларида жаҳон чемпиони, WBC бриллиант камари соҳиби бўла олган россиялик Сергей Ковалёвга (34-4-1, 29 КО) қарши рингга чиқишидан хабарингиз бор.
Бу супертўқнашув Москва шаҳридаги “Лужники” аренасида ташкил этилади.
Фикрлар