"Сурхон" футболчиларида коронавирус аниқланди, энди "Навбаҳор"га қарши ўйин ўтказилмайдими?

Хабарингиз бор, бундан аввалроқ "Сурхон" клуби аъзоларида коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Диёр Имомхўжаев эса бу воқеа юзасидан термизликларнинг Суперлига 10-туридан ўрин олган "Навбаҳор"га қарши беллашуви ўтказилиш ёки ўтказилмаслиги ҳақида берилаётган кўплаб саволларга жавоб берди.

"Икки кун давомида энг кўп берилган савол. Жавобини эса ўзимиз ҳам билмаймиз. Билишимиз учун "Сурхон" футболчиларининг ҳозирги ҳолати ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлишимиз керак. Ҳозирча, маълумотни кўпи билан 21 июль тушга қадар кутишга мажбурмиз.

U-21 ўйини нима бўлади? Вазиятдан келиб чиқиб, учрашув параллел ўтиши ёки асосий таркиб жамоаларидан бир кун кейинга режалаштирилиши мумкин.

Нега "Бунёдкор" учрашуви қолдирилганди-ю, бунисини кутяпмиз? Чунки "Бунёдкор" футболчисида вирус аниқлангани ҳамда клубнинг "Бухоро"га қарши ўйини арафасида бизда вақт йўқ эди. Бугун билган бўлсак, эртага жамоа йўлга чиқиши керак эди. Биз Бухоро футболчиларининг соғлиғини ўйлаб, учрашувни бекор қилдик.

"Сурхон" — "Навбаҳор" ўйинида нима сабабдан "Навбаҳор" мезбон бўлиб қолди? Наманган клуби водийдан йўлга чиқиб, Термизга бориши керак эди. Чилла вақтида темир йўл ёки самолётсиз бу нақадар азоб эканини биласиз. Шунинг учун ҳам шартнома таклифи "Навбаҳор"дан чиққан бўлиши катта эҳтимол. Бундан биринчи галда улар манфаатдор эканидан келиб чиқиб, югур-югурни ўз бўйниларига олишган. Адолат юзасидан иккинчи учрашув ҳам Тошкентда ўтишига келишиб олишган. Вазият оғир вақтда икки клуб ўзаро келишса-ю, ПФЛ бунга қаршилик қилиши инсофданми? Биз инсофли бўлдик. Кимдир биздан мантиқ қидираётган бўлса, маълумот учун, биз барча жамоага марказлашган чемпионат таклифини бериб, уни ташкиллаштиришга тайёр эканимизни билдирдик, 5 та мезбон жамоани ташкилий масалаларга ёрдам беришга кўндирдик. Бироқ вилоят жамоалари буни рад қилишди ва биз уларнинг фикрларини ҳурмат қилдик, кимнидир нимагадир мажбурламадик.

Клубларни базага “қамаш” яхши эмасми? Яхши албатта, бошида шундай бошладик. Аммо доимо шундай давом этиши қийин. Биринчидан, футболчилар ҳам одам, уларнинг руҳий кечинмалари ҳам бор. Иккинчидан бутун бир жамоани муттасил базада ушлаб туриш ҳазилакам маблағ талаб қилмайди. Учинчидан базага “қамаш” билангина улар вирусдан тўла ҳимояланмайди. Фаррош бўладими, ошхона ходими ёки яна кимдир вирусни олиб кирмаслигига кафолат йўқ.

Ҳолат қанақа? Ҳозиргача уч клуб ҳақида аниқ маълумотларимиз бор. Вирус юқтирган футболчилар изоляцияга олинган. Аниқ тасаввур учун эса имконият кам. Масалан, "Бунёдкор" аъзолари ҳақида ҳали ҳам тўлиқ маълумот олмаганмиз. "Навбаҳор" эса бир неча соат ичида барча маълумотни тақдим этишга эришганди.

Мусобақани тўхтатиш керакми? Вирус чиқиши табиий ҳолга айланган. Германия ёки бошқа чемпионатлар қайта тикланганидан кейин ҳам вирус аниқланган ҳолатлар бўлди. Улар янгиланган регламент бўйича иш кўриб, мусобақани давом эттиришди. Бироқ биздаги вазият билан Германияни солиштириб бўлмайди. Муқобил рагламентни биз клублар раҳбариятига тақдим этдик. Ҳали уни тасдиқлатиш масаласи бор, бу осон эмас. Тушунишимча, тасдиқлайдиган кишиларнинг ҳам ҳозир футболдан кўра муҳимроқ мингта муаммоси бор.

Мусобақани тўхтатиш халқаро натижалар, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва шунга ўхшаш масалаларга таъсир ўтказади. Ҳозир вирус юқтириб олиш хавфи барчамизда бор, яъни, турнир тўхтатилиши футболчиларни вирусдан ҳимояланмайди. Чунки айрим футболчилар оила аъзоларидан юқтиришди. Биз эҳтиёт бўлишимиз, барча нарсани талаб этилаётгани каби бажаришимиз керак. Ҳеч нарса соғлигимиз каби бебаҳо эмас.

Биз ишчи-ходимларнинг 60 фоизини онлайн режимда ишлашга ўтказганимизга 10 кундан ошди. Таҳминан 7-8 ходим билан икки катта мусобақани давом эттиришга ҳаракат қиляпмиз. Рухсат этилган вақтларда ишга келиб-кетамиз, уйингда ўтир дейилаётган кунларда уйдан ишлаймиз. Муҳими, жамоалар сафарларга бориб келишида муаммолар юзага келмаслиги учун меҳнат қиляпмиз, амаллаяпмиз.

Хуллас, ҳар кунимиз, ҳатто соатимиз янгилик. Биз барчангизга ва оила-аъзоларингизга соғлиқ, хотиржамлик тилаймиз. Бало дунёни тезроқ тинч қўйишини сўраймиз. Ҳаракат ва изланишни давом эттирамиз", - деб ёзади Имомхўжаев ўз телеграм саҳифасида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!