"Сурхон" легионерлар танловида адашмаганмиди? Ёзги селекцияда қандай ўзгаришлар бўлади?

Ҳамон ўз майдонидан фойдалана олмаётган клубларимиздан яна бири “Сурхон” бўлиб, мезбон сифатида асосан бошқа клубларнинг стадионларидан фойдаланиб туришга мажбур бўляпти. Оқибатда бу жамоа ҳам асосан сафарда ўйнаяпти, десак муболаға бўлмайди. Мухлисларининг қўллаб-қувватлаши, уларнинг далдасини “Сурхон” ҳис қила олмаяпти. Лекин эшитишимизча, Термиздаги ўйингоҳда жадал ишлар олиб бориляпти.

“Сурхон”да йил бошида қандай ўзгаришлар бўлганидан яхши хабардорсиз. Бу борада Sports.uz сайти орқали ҳам тезкор хабарлар бериб бордик. Суперлига бошланишига оз фурсат қолганида испаниялик Анхель Лопес Перес бош мураббийлик лавозимини эгаллади. Таркибда ҳам ўзгаришлар бўлди, ўтган йилги таркибдан айримлари сақланб қолинди, янги ўйинчилар келди ва табиийки, испаниялик легионерлар ҳам “Сурхон” аъзосига айландилар. Аммо буларнинг бари деярли Лопес келгунига қадар рўй бериб бўлганди.

ас4

Мақсад жиддий эканлиги айтилди, испаниялик мутахассис ҳам ўзига яраша савияга эга бўлиб, бунгача Европа жамоаларидан ишлаган. Шу сабабли “Сурхон” янгича қиёфа касб эта бошлади. Лекин барчасини бирданига бажариш ҳам мураккаб. Суперлигада 11 та тур ортда қолди. Термизликлар эса 10 та ўйин ўтказишди. Клуб кутилганидек ўзгарганми? Лопес қураётган жамоа 10 та баҳснинг ҳозирча 2 тасида ғалаба қозонди, 3 дуранг ва 5 мағлубият бор. Рақиблар дарвозасига 8 та гол урган ва ўзидан 14 та тўп олиб чиққан. Ҳисобида 9 очко бор.

Лопес бошқарувидаги клубга дастлабки ғалабасини қўлга киритиш жуда қийин бўлди ва бу анчагача чўзилиб кетди. Чемпионат 2 март куни старт олган бўлса, “Сурхон” илк ғалабасини 6 май куни 7-тур доирасида “Қўқон-1912”га қарши учрашувда қўлга киритди. Ўша беллашувда 1:0 ҳисоби “Сурхон”га илк ғалабаси учун етарли бўлди. Шундан кейин яна очко йўқотишларини давом эттирган жамоа 11-турда “Бунёдкор”га қарши учрашувда ҳам яна ягона гол эвазига уч очкони қўлга киритиб, иккинчи ғалабасини қўлга киритди. Шунингдек, 8-турда “Пахтакор” майдонида амалдаги чемпионга қарши учрашувда “Сурхон” мардонавор курашди. Якунда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Мазкур дурангни Лопес жамоаси учун ғалабага тенглаштирсак ҳам бўлаверади. Гарчи улар ҳозирча иккита ўйиндагина муваффақият қозонганига қарамасдан бошқа беллашувларда ҳам ўйин бўйича ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Испаниялик мутахассиснинг жамоа ўйинидаги имзоси сезиляпти. Фақат уни янада тўлиқ тушуниши ва кўрсатмаларини аниқ бажариши учун футболчиларда ижрочилик маҳорати ҳам шунга яраша бўлиши лозим.

ас

Юқорида айтганимиздек, жамоада битта захира ўйини турибди. 5-турда Қаршида “Насаф” билан ўтиши лозим бўлган баҳс қолдирилган. Бу 4 июлга белгиланган. Барибир “Сурхон” турнир жадвалида хавфли ҳудудда қолмоқда. Ундан кейинги ўриндаги “Олимпик”да иккита, охирги поғонадаги “Динамо”да эса битта учрашув қолдирилган. Бу жамоаларнинг очколари ўртасидаги фарқ катта эмас, бир-бирига яқин жойлашишган. Кейинги турда эса “Сурхон” айнан Самарқандда “Динамо” меҳмони бўлади. Ушбу учрашув 18 июнга мўлжалланган. Қизиғи, ундан кейинги рақиблар ҳам ўзининг яқин таъқибчилари саналишади – “Нефтчи” ҳамда “Олимпик”. Демак, “Сурхон”ни қийин ўйинлар кутяпти.

ас3

Таркибда легионерлар ҳам борлигини айтдик. Лекин ҳали испаниялик футболчилар ярқ этиб кўзга ташланишгани йўқ. Бу масалада клубнинг танлови тўғримиди? Энди ёзги селекция чоғида таркибда ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин. Анхель Лопес ўзининг талаби ва услубидан келиб чиқиб ўйинчи таклиф қилади ёки унга тавсия қилишади. Ҳозирги ҳолатда “Сурхон” лигада қолиш учун курашаётгандек тасаввур уйғотяпти. Албатта, олдинда тўлиқ иккинчи давра баҳслари турибди. Балки чемпионатдаги ҳозирги танаффус “Сурхон”ни янада кучли жамоага айлантирар!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!