"Сурхон" логотипи ўзгарди (фото)
Суперлига баҳсларида иштирок этаётган «Сурхон» жамоаси келаси мавсумдан янги логотип остида ҳаракат қилади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатди.
Янги логотипда қуйидаги маънолар акс этган:
1. Қуёш
Сурхондарё Ўзбекистоннинг жанубида жойлашган вилоят ҳисобланади. Тарихдан Сурхондарё - қуёшли ўлка деб юритилиб келинган. Ёз фаслида Сурхондарёда ҳаво - ҳарорати анчагина иссиқни ташкил қилади. Шунга монанд логотипда қуёш тасвири акс эттирилган.
2. Тоғлар
Сурхондарё ўзининг қадимий тоғлари ва жойлари билан ҳам машхур. «Бойсун» тоғ тизмаси, Бойсун тоғ тизмасидаги «Омонхона» булоғи, «Тешиктош» ғори, «Далварзинтепа», «Сангардак» ва ҳ.клар фикримизнинг яққол далилидир.
3. 1968
«Сурхон» футбол клуби 1968 йилда ташкил этилган. Дастлабки мавсумда жамоа «Чегарачи» номи билан иштирок этган. Кейинги тўрт йили «Автомобилист» номи остида ҳаракат қилган. 2009-2010 мавсумда «Динамо-Ҳамкор», 2010-2011 мавсумда «Термиз» номи остида ҳаракат қилган жамоа 2012 йилдан яна ўзининг қадрдон «Сурхон» номи остида ҳаракат қила бошлади ва бугунги кунда шу ном остида ҳаракат қилиб келмоқда. Логотипдаги 1968 ёзуви клуб айнан шу йили ташқил этилганлиги билдиради.
4. От тасвири
От тасвири ҳам Сурхондарё тарихига боғланган. «Алпомиш» достонини ўқимаган ёки эшитмаган ўзбек фарзанди мавжуд эмас. Ҳалқ оғзаки ижодидан олинган ушбу достон нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бир қатор мамлакатларида ҳам севиб ўқилади. Алпомиш" достони мазмунига оид асосий воқеалар олтой, татар, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа туркий халқларда эртак, ривоят, достон шаклида мавжуд.
“Алпомиш” достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади”.
«Алпомиш» сўзи икки қисмдан иборат бўлиб, «алп» -улкан, «помиш» - баҳодир, паҳлавон маъносини беради.
БОЙЧИБОР, Чибор — эпик от. Алпомишнинг хос оти, унинг барча сафар ва саргузаштларида ажралмас йўлдош. Бойчибор, Бойбўрининг хоназот йилқиларидан Тарлонбиянинг боласи, эпик анъана асосида афсонавий учқур от сифатида тасвир этилади. «Алпомиш» достонида «Қўлтиғида тўрт ярим газ қаноти, асл тулпор экан ўзбекнинг оти», деб таърифланади.
Шу ва яна бир қанча фактларга асосланиб, логотипда от тасвири туширилган.
Хулоса қилиб айтганда «янги логотип» бевосита Сурхондарё тарихи билан боғланган. Ушбу логотип бир қатор мутахассислар томонидан маъқул деб топилди.
Ушбу логотип «Сурхон» жамоасининг энг содиқ муҳлисларидан бири, ўзининг ўзгача дизайнилари билан барчага танилган, Жахонгир Буриев (“Lamir_Design”) томонидан чизилган.
Фикрлар