"Сурхон"нинг аутсайдерлар қаторига тушиб қолишига сабаб нима ёки футболчилар бош мураббий услубини тушунмаяптими?
Термизнинг “Сурхон” клуби ушбу турда яна ютқазди. Бу сафар ўз майдонида “Қўқон-1912”га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Бизнингча, кўпчилик ушбу ўйинни телевизор орқали кўрди. Маҳаллий мухлисларнинг эса яна хафсалалари пир бўлди.
Кўриниб турибдики, жамоа ўйинида муаммолар етарлича. Ваҳоланки, таркибда яхши савиядаги ўйинчилар йиғилган. Мураббий эса таниқли. Аммо бу жиҳатлар ҳам “Сурхон”га камлик қиляпти, шекилли. Оқибатда бу клуб ҳам “Бухоро” ва “Андижон” сингари Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашадиганлар қаторига қўшилиб қолди. Бунга эса фақат жамоанинг ўзи сабабчи.
“Қўқон-1912”га қарши ўйинда ҳам кўриндики, мезбонлар ғалабага лойиқ ўйин кўрсатишмади. Мағлубиятлар бўлавергач, ҳамма ҳам бу борада фикр билдиришни хушламайди. Аммо “Сурхон”нинг етакчиларидан бири Асрор Ғофуров бу борада ўз муносабатларини билдириш учун ўзида хоҳиш топа олди.
- “Сурхон”га нима бўляпти? Нега жамоа ютқазишда давом этяпти?
- Нима дейишни ҳам билмайман, менимча, омад етишмаяпти. Ҳар учрашувда ғалаба учун майдонга чиқяпмиз. Лекин мағлубиятга учраяпмиз. Имкониятларимиз йўқ эмас, аммо бундан тўғри фойдалана олмаяпмиз. Жамоамизнинг ички муҳити ҳам аъло даражада. Барча бир-бирини ҳурмат қилади. Аммо ҳар сафар бизга нимадир етишмаяпти. Мен эса буни омад билан боғлаяпман. Олдимизда яна 7 та учрашув бор. Ҳа, жамоамиз қизил ҳудудда. Бу эса биз учун жуда ҳам хавфли. “Бухоро” билан “Андижон” эса ортимиздан келмоқда. Шундай экан, ҳаммамиз ўзимизни қўлга олиб, олтин очколар учун жанг қилишимиз керак. Шахсан мен жамоадошларимга ишонаман ва ҳозирги қийин вазиятдан чиқиб кетамиз. Бунинг учун мухлисларимиз жамоамизга ишонишсин, қўллаб-қувватлашда давом этишсин, биз уларни уялтириб қўймаймиз.
- Аммо бугунги учрашувда рақиб бир футболчи кам бўлиб қолди, олдинда эса бутун бошли бир тайм бор эди. Шунда ҳам “Сурхон” футболчиларида ғалабага бўлган хоҳиш кучли бўлиб кўринмади. Жамоада иштиёқ ва шижоат ҳам йўқ...
- Бугунги учрашувда қўқонликлар биргина вазиятдан фойдаланиб, ғалабани илиб кетишди. Рақиб 10 киши бўлиб қолганида бизда қандайдир кичик вазиятларимиз бўлди, фойдалана олмадик. Айтганингиздек, ғалабага бўлган иштиёқ етишмади. Барчасига ўзимиз айбдормиз.
- Устига-устак кейинги турда “Сурхон” “Пахтакор” билан ўйнайди. Бу учрашув 24 октябрда бўлиб ўтади, вақт қисқа. Ҳозирги руҳий тушкунлик пайтида қандай қилиб чемпион жамоага қарши тиклана оласизлар?
- Руҳий ҳолатимиз аслида ёмон эмас. Молиявий аҳволимиз ҳам чакки эмас. Ғалаба қозонишимиз учун янада кўпроқ хоҳлашимиз ва бунга ишонишимиз керак. Тўғри, “Пахтакор” билан беллашувга оз фурсат қолди. Аммо рақиб “Пахтакор” деб таслим бўлмаймиз. Охиригача курашамиз. Боя айтганимдек, олтин очколар учун тиш-тирноғимиз билан ҳаракат қиламиз.
- “Сурхон” бошқа клубларга қараганда энг кўп мағлубиятга учраган жамоа бўлиб турибди. Ҳозиргача 13 та ўйинда ютқаздинглар. Демак, жамоа ўйинида жиддий камчиликлар борлигини кўрсатиб турибди...
- Тўғриси, нима дейишга ҳам ожизман. Барчамиз бу ҳолатдан ҳайронмиз. Бу вазиятда кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш нотўғри.
- “Сурхон”ни тажрибали мутахассис бошқаряпти. Балки футболчилар ҳали ҳам Равшан Ҳайдаровнинг услубини ва унинг нимани хоҳлаётганини тушунишмаяптими?
- Биласиз, орада карантин ҳам бўлиб қолди. Балки шу ҳам таъсир қилгандир. Ҳозир айтдим, кимнидир айбдор қилиб кўрсатишим нотўғри. Олдимизда энди 7 та жуда муҳим ўйинларимиз турибди. Бутун кучимиз ва диққат-эътиборимизни ушбу баҳсларга қаратамиз.
- “Сурхон” таркибида тажрибали футболчилар бор-у, аммо жамоа йўқ. Ҳар ҳолда бизга шундай кўриняпти...
- Қийин савол.
- Бу масалада ўз фикрингиз қандай?
- Ҳаммани фикри ҳар хил ва ўз гапини айтишга ҳаққи бор. Лекин менинг ўйлашимча, бизда жамоа бор. Ҳамжиҳатмиз ва биз қудуқдан чиқиб кетамиз.
Фикрлар