Сузиш. Эртага Самарқандда Осиё чемпионати бошланади
Аввал хабар берганимиздек, эртага Самарқанд шаҳридаги эшкак эшиш каналида очиқ сув ҳавзасида сузиш бўйича катталар ўртасида Х Осиё чемпионати баҳслари бошланади.
Қитъа чемпионатининг биринчи куни 5 километр масофага сузиш бўйича мусобақа ўтказилади.
Эркаклар ўртасида бўлиб ўтадиган мусобақада 24 нафар, хотин-қизлар ўртасида ўтказиладиган баҳсларда эса 16 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Эркаклар ўртасида ташкил этиладиган мусобақада Ватанимиз шарафини Абдужалил Абдуғаниев, Вячеслав Шкретов ва Никита Корнилов (Бекмурод Кенжаев захира спортчи) ҳимоя қилишади.
Умуман эркаклар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан ташқари Уммон, Тожикистон, Қозоғистон, Япония, Иордания, Эрон, Бангладеш, Ҳиндистон, Хитой Тайпейи, Гонконг, Ироқ, Қувайт ва Фаластин терма жамоаси аъзолари ҳам стартга чиқадилар.
Хотин-қизлар ўртасида ўтказиладиган баҳсларда эса Ўзбекистон шарафини Паризода Искандарова, Анастасия Зелинская ҳамда Муслима Жумабоева ҳимоя қиладилар.
Мазкур мусобақада, шунингдек, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой Тайпейи, Гонконг, Иордания, Япония ва Бангладеш терма жамоаси аъзолари ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
Фикрлар