"Таклифга қийинчилик билан рози бўлдим". Дебют ўйинидаги ғалабадан сўнг Нўъмон Ҳасанов бор гапни айтди

Қўшнимиз - Тожикистон чемпионатини ҳам кузатиб турадиган зукко мухлисларимиз бор. Албатта, бу борада гап кетганда табиийки ўзимиз ҳам у ердаги ўзгаришлардан имкон қадар воқиф бўлиб туришга ҳаракат қиламиз. Тожик чемпионатида тўп сураётган ўзбек футболчиларига эътибор қаратиб келардик, энди у ерда ўзбекистонлик мураббий ҳам фаолият олиб боради. Яқинда сайтимиз орқали хабар бериб ўтганимиздек, Нўъмон Ҳасанов “Истаравшан” жамоаси бош мураббийи сифатида ишга киришди.

51 ёшли мутахассис бунга қадар бирор клубда эмасди. Унинг охирги жамоаси “Навбаҳор” бўлганини билсангиз керак. Ҳасанов наманганликлар жамоасида бош мураббий сифатида ишлади. 2021 йилги мавсум бошида у ердан кетганидан кейин Нўъмон Нурматович ҳеч қайси жамоада кўриниш бермай келаётганди.  

нуъмон3

Ҳасановнинг футболга ўз қараши бор. Буни бошқарган жамоаларининг ўйин услубларидан ҳам билса бўлади. Айниқса, майда паслар билан тезкор ўйин кўрсатиш, рақибни тўпсиз қолдириш каби хусусиятлар унинг услубларидан бири. Ниҳоят, маълум танаффусдан кейин у яна мураббийлик ишига қайтди. Ўз касбини соғингани шубҳасиз. Бу сафар эса Тожикистон чемпионатида ўзини синаб кўришни маъқул топди. Эндиликда бор эътиборини “Истаравшан” жамоасига қаратади. Нўъмон Нурматович ушбу чақирувни қабул қилиши ҳақида Sports.uz мухбирига шундай деди:

- “Истаравшан” жамоасининг президенти менга қўнғироқ қилиб, таклиф билан чиқди. Сизга ростини айтаман, ушбу таклифга қийинчилик билан рози бўлдим. Бизнинг суҳбатимиз тўрт кун давом этди. Жамоамиз қийин аҳволда, ёрдам беринг, деб илтимос қилишди. Ҳар томонлама ажойиб инсон экан, жамоасига жон куйдириб қайғуряпти. Охир-оқибат мен рози бўлдим ва фақат битта шарт билан: “Истаравшан” жамоасидаги ўйинчилари, мураббийлар штаби, клуб ишчилари ва мухлислари билан суҳбат ўтказиб, кейин қарор қабул қилишимни айтдим. Шунинг учун ҳам бу клуб билан шартнома имзолашим чўзилиб кетди. Биласизлар, 3 кун олдин шартнома туздим ва декабргача шу ерда ишлашга розилик билдирдим. Расмий беллашувгача битта ўртоқлик учрашувини ўтказдик. “Ордабаси” билан ўйинда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнадик. Мана, куни кеча Тожикистон чемпионатида бош мураббий сифатида биринчи ўйинимни ўтказдим. “Эсхата”га қарши баҳсда биз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик, - деди Ҳасанов.

нуъмон1

Шундай қилиб, ҳамюртимизнинг қўшни чемпионатдаги ҳаёти бошланди. “Истаравшан”да Ҳасановдан олдин яна бир хорижлик мураббий ишлаган. Бу Ризо Паркаш эди. Энди эса клуб раҳбарияти бизнинг мураббий билан яхши натижаларга эришиш истагида. Юқорида ўзи айтганидек, ҳамюртимиз дебют учрашувини ўтказиб, “Эсхата” устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Ушбу учрашувда стадион мухлислар билан тўлгани эътиборимизни тортди. Барибир янги мураббийнинг келгани уларга яхши маънода таъсир кўрсатганлиги сезилиб турибди. Бундай пайтда дебютини ўтказган ҳамюртимизда ҳам ҳаяжон кузатилган бўлса ажаб эмас. Ҳасанов шу хусусида қуйидагиларни айтди:

- Энди бевосита дебют ўйинимга келадиган бўлсак, стадион мухлислар билан тўлди. Бунгача ўртоқлик учрашувимизда ҳам, машғулотларимизда ҳам мухлисларнинг фаоллигига амин бўлиб улгургандим. Бу футбол шаҳри экан. Худди бизни водийга ўхшайди. Ҳаяжонга келсак, албатта ҳамма мураббийни ҳам ғалаба қозонгиси келади. Шу боис ҳаяжон бўлади. Худога шукр, ютиб олдик. Футболчилар майдонда танлаган тактикамизни аъло даражада бажаришди. Ростини айтсам, қисқа фурсат ичида менинг услубимга мослашишларига ишонмагандим, - дея фикр билдирди Нўъмон Нурматович.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
24/06/2022 11:56
Истаравшан _У'ратепа у'зи х,озир х,ам водий х,удудида жойлашган ва булар хам водийлик мухлислардур худди у'шликлар сингари Ну'монжон укамизга ишларида келди тилаймен
Ал-химик
24/06/2022 10:38
Соққани қилаверинг ака, омадизни берсин
Marifjon Turajonov
25/06/2022 22:43
Shuni uchun Real muhlisi buling .
Namangandagi voqea takrorlanmasin.
Men ham Barsaman .lekin hokimimiz Real. Sabir qilamiz
Pardayev Shavkat
24/06/2022 12:59
Нўъмонжонга омад тилайман. Ҳали бизнинг тренерларимизга, Европанинг кучли бешликларидан ҳам таклифлар тушади.