Тампере-2017: Бугун 3 нафар полвонимиз ғолиблик учун курашади
Ads

Финландиянинг Тампере шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг дастлабки куни вакилларимиз учун омадли келди. Хусусан, -74 килограмм вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Иса Шапиев мусобақанинг финал босқичига қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда америкалик рақибига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйган ҳолда, кумуш медални қўлга киритди.

Бугун беллашувларнинг иккинчи куни старт олади ва унда 3 нафар спортчимиз ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Ҳамюртларимиздан -55 ва 120 килограмм вазн тоифаларида Ғуломжон Абдуллаев ва Ҳасанбой Раҳимовлар саралаш босқичидан баҳсларга киришса, -84 килограмм вазндаги полвонимиз Жавраил Шапиев ўз иштирокини нимчорак финал босқичидан бошлайди.

Қайд этиш лозим, -55 килограмм вазндаги спортчимиз Ғуломжон Абдуллаевга дастлабки беллашувда япониялик Даики Араки рақиблик қилса, -84 килограмм вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Жавраил Шапиев ҳиндистонлик Дипак Пунияни, -120 килограмм вазн тоифасидаги полвонимиз Ҳасанбой Раҳимов АҚШ вакили Гэйбл Дан Стивенсонни синовдан ўтказади.